Шавкат Мирзиёев Халқаро дзюдо федерацияси президентини қабул қилди
Ўзбекистон
−
19:34 286 2 дақиқа
Бугун, 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўсмирлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати муносабати билан мамлакатда бўлиб турган Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визерни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда ушбу нуфузли федерация билан миллий дзюдо мактабини ривожлантириш ва ёш спортчиларни тайёрлаш борасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Тошкент жаҳоннинг нуфузли дзюдо марказларидан бирига айланиб бораётгани таъкидланган. Сўнгги уч йилда мамлакатда 4 минг нафардан зиёд спортчи иштирокида 10 та халқаро мусобақа ўтказилган. Жорий йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса илк бор Ўзбекистонда ташкил этилмоқда.

Мариус Визер Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ва ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаган.
Ўзбекистонда йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш, миллий терма жамоани Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёрлаш, мамлакатда яратилган замонавий спорт инфратузилмаси негизида спортчилар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш ҳамда спорт тиббиёти соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 19-22 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтади. Унда 78 мамлакатдан 600 нафарга яқин ёш спортчи беллашмоқда. Мусобақаларга хорижий мамлакатларнинг юқори даражадаги делегациялари ҳам келган.
Live
Барчаси