Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга жўнаб кетди
Жамият
−
29 Май 970 1 дақиқа
Бугун, 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Остона шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат етакчиси кузатувчи давлат раҳбари мақомида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши тадбирларида иштирок этади.
Маълумот учун, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши — Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) энг юқори органи бўлиб, унинг таркибига ташкилотга аъзо давлатлар (Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон) Президентлари киради. Кузатувчи мақомига эга бўлган Ўзбекистон номидан ҳам Кенгаш йиғилишларида мамлакат Президенти иштирок этади. Ушбу кенгаш иттифоқнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилайди, бюджетни тасдиқлайди ва ижроия органлар раҳбарларини тайинлайди. Кенгаш мажлислари йилига камида бир марта ўтказилиб, унда барча қарорлар консенсус (умумий розилик) асосида, яъни ҳар бир аъзо давлатнинг тенг овоз ҳуқуқи инобатга олинган ҳолда қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойининг ўрталарида ҳам Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга амалий ташриф билан борган эди. Ўшанда Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиб, унда муҳим ташаббусларни илгари сурган, ташкилот доирасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтганди.
Live
Барчаси