Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда “Йил одами” деб эътироф этилди
Жамият
−
17 Февраль 2020
4733Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикасида “Йил одами” дея эътироф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга “Ала-Тоо айымдары” (“Ола-Тау хонимлари”) экологик ҳаракати томонидан “2019 йил одами” унвони берилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.
Таъкидланишича, республика раҳбарияти топшириғига биноан махсус мукофот ва дипломни олиш учун Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Бишкек шаҳрига келган.
Маросимда “Ала-Тоо айымдары” экологик ҳаракати раҳбари Жипаргул Баргибаева нутқ сўзлаган. У ўз нутқида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёда дўстлик, тинчлик, яхши қўшничилик, минтақа мамлакатлари ўртасида амалий ва қардошлик муҳитини яратиш бўйича олиб борилаётган сиёсат Ўзбекистон раҳбари номзодини танлашнинг асосий сабаби бўлганини таъкидлаган.
“Ала-Тоо айымдары” ҳаракати мукофоти, аслида, бутун Қирғизистон халқининг иродаси ифодасидир”, дейилган хабарда.
Илҳом Неъматов Ўзбекистон Президенти номидан Ўзбекистон раҳбарининг ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари эътироф этилгани учун “Ала-Тоо айымдары” ва унинг тимсолида қардош Қирғизистон халқига самимий миннатдорлик ва юксак ҳурмат билдириб ўтган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Репсубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев:
• 2018 йилда Осиё журналистлар ассоциацияси (AJA) томонидан “Осиёда йил одами”;
• 2019 йилда Озарбайжонда “Йил одами”;
• 2019 йил охирида Туркий дунё ёзувчилари, зиёлилари ва санъаткорлари жамғармаси (Türk Dünyası Yazarlar ve Sanatçılar Vakfı –TURKSAV) томонидан таъсис этилган “Туркий дунё тикланишига қўшган улкан ҳиссаси учун” халқаро мукофотига сазовор бўлган эди.