Шавкат Мирзиёев электр энергетика тармоғини ислоҳ қилиш бўйича қарорни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевэлектр энергетика тармоғини ислоҳ қилиш бўйича қарорни имзолади. Қуйида ҳужжат матни тўлиқ эълон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Электр энергетика тармоғининг ишончли фаолият юритишини таъминламасдан туриб иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга эришиб бўлмайди.

Замонавий шароитларда электр энергетика тармоғида рақобат муҳитини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳасидаги фаолиятнинг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурлигини тақозо этмоқда.

Электр энергетика тармоғини ислоҳ қилиш бўйича вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепциясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:

1. Жаҳон банкининг республика электр энергетика тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги, шу жумладан, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштиришни назарда тутувчи таклифи маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг электр энергияни ишлаб чиқариш, етказиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий услубларига мувофиқ, қуйидагилар орқали “Ўзбекэнерго” АЖни қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

а) иссиқлик электр станциялари ҳамда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи электр марказларини бошқарувчи “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятини ташкил этиш;

б) “Ўзбекэнерго” АЖнинг тугатилаётган “Ўзэлектртармоқ” УК ва “Энергосотиш” филиали негизида қуйидагиларни амалга оширувчи “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятини ташкил этиш:

республиканинг магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш;

электр энергияни республиканинг магистрал электр тармоқлари орқали етказиб бериш ва давлатлараро транзитни амалга ошириш;

электр энергияни экспорт ва импорт қилиш, шунингдек, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилиш;

электр энергияси ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, хусусий капитал иштирокидаги корхоналарни, шунингдек, магистрал ва ҳудудий электр тармоқларини ягона оператив-диспетчерлик бошқариш;

электр энергияси ишлаб чиқарувчи, шу жумладан, хусусий капитал иштирокидаги корхоналардан электр энергиясини ягона харид қилувчи функциясини бажариш, шунингдек, электр энергияни ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотиш;

в) электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга оширувчи “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятини ташкил этиш;

г) “Ўзбекэнерго” АЖ таркибига кирувчи айрим хўжалик жамиятлари ҳамда корхоналарини 1-иловага мувофиқ қайта ташкил этиш ва тугатиш;

д) “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг соҳага оид бўлмаган ва фойдаланилмаётган активлари ва улушларини 2-иловага мувофиқ уларни кейинчалик 2019-2021 йиллар давомида белгиланган тартибда сотиш мақсадида баланс қиймати бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

янги ташкил этилаётган “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларининг дастлабки устав капиталларини шакллантириш 3-5- иловаларда кўрсатилган хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва “Ўзбекэнерго” АЖ активлари ва улушларини бериш ҳисобига амалга оширилади;

“Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг 2-иловада кўрсатилган активлари ва улушларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш баланс қиймати бўйича давлат ва “Ўзбекэнерго” АЖ улушини камайтириш ҳисобига амалга оширилади;

активлар, акциялар пакетлари ва улушлар янги ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларига уларнинг устав капиталида давлат улушини шакллантириш (ошириш) ҳисобига берилади;

“Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари устав капиталларидаги давлат акциялари пакетлари бўйича акциядор ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги ПҚ–3981-сон қарори билан ташкил этилган Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича комиссия ишчи органи сифатида бошқарув ходимларининг чекланган штат бирликлари 20 нафардан иборат бўлган, бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги қошида Лойиҳа офиси (кейинги ўринларда – Лойиҳа офиси) ташкил этилсин.

Белгилансинки, Лойиҳа офисига Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг электр энергетика тармоғини назорат қилувчи ўринбосари бошчилик қилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:

ҳар бир тадбирни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва ижрочиларини кўрсатиб ўтган ҳолда, шу жумладан, “Ўзбекэнерго” АЖнинг қайта ташкил этиладиган корхоналарининг активлари ва мажбуриятларини хатловдан ўтказишни назарда тутган ҳолда “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларни қайта ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқласин;

Лойиҳа офиси фаолиятини унинг таркибига электр энергетика тармоғини ислоҳ қилиш соҳасидаги халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда мутахассисларни жалб этиш орқали ташкил қилишни таъминласин;

2030 йилга қадар электр энергетика тармоғида, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш дастурларини тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:

2019 йил 1 майга қадар – энергия ресурсларининг таннархини пасайтириш ва йўқотишларни камайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар)ни, шунингдек, уларга эришишнинг босқичма-босқич механизмларини кўрсатган ҳолда 2019-2020 йилларда “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар – ресурсларни бошқариш, ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизимини (ЕRP) диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси (SCADA)ни жорий этиш, шунингдек, электр энергияни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ)ни жорий этиш бўйича лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш ишларининг аниқ тадбирлари, муддатлар ва молиялаштириш манбаларини назарда тутган ҳолда 2019-2021 йилларда электр энергетика тармоғини рақамлаштириш бўйича комплекс дастурни;

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар – 2020-2030 йилларда мамлакатнинг ёқилғи-энергетика таъминоти концепциясини (кейинги ўринларда – Концепция);

Концепция қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Осиё тараққиёт банкининг техник кўмаги – иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергияга бўлган истиқболдаги талаб-эҳтиёжлари прогнозларини инобатга олган ҳолда 2030 йилга қадар электр энергетика тармоғида ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш дастурларига аниқликлар ва қўшимчалар киритиш;

Қурилиш вазирлиги билан биргаликда халқаро молия институтлари, консалтинг компаниялари, ихтисослаштирилган лойиҳа институтларининг техник кўмагида 2019 йил 1 декабрга қадар – илғор жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда электр энергетика объектларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишни техник бошқариш соҳасида қурилиш нормалари ва қоидаларини, стандартларини, норматив ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Молия вазирлиги Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда халқаро молия институтлари ва консалтинг компанияларининг техник кўмагида 2019 йил 1 майга қадар электр энергия тарифларини белгилаш методологиясини такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда электр энергияни ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашда эксплуатацион, операцион ва инвестицион сарф-харажатлар тўлиқ қопланишини, шунингдек, электр энергетика тармоғи корхоналари рентабеллигининг чегараланган нормаси белгиланиши назарда тутилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги уч ой муддатда белгиланган тартибда:

“Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларининг устав капиталлари шакллантирилишини ва уларнинг таъсис ҳужжатлари тасдиқланишини;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан биргаликда “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларининг раҳбарлик лавозимларига зарур тажриба ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, хорижий мутахассислар жалб этилишини таъминласин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган активларни сотишдан тушадиган маблағлар Давлат активларини бошқариш, трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича жамғарма тасарруфида қолдириладиган маблағлар бундан мустасно бўлган ҳолда “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг устав капиталига давлатнинг ҳиссаси сифатида қўшилади ва ушбу маблағлар иссиқлик электр станциялари ва электр марказлари томонидан жалб этилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) кредитларини “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг улушини уларнинг устав капиталларида кўпайтириш ҳисобига сўндиришга мақсадли йўналтирилади;

мазкур қарорга мувофиқ хўжалик жамиятларининг бир ташкилотдан бошқа бир ташкилотга ўтказилаётган мулки, мулкий ҳуқуқлари, жумладан, устав капиталидаги акциялари ва улушлари қиймати, шу жумладан, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш чоғида солиққа тортишнинг барча турлари бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва янги ташкил этиладиган “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларининг “Ўзбекэнерго” АЖ тузилмасидаги ташкилотларга қарашли юридик шахслар акцияларининг 50 фоизи ва ундан кўпроғига эгалик қилганида мазкур ташкилотларнинг қайта ташкил этилиши янгидан сотиб олинган акциялар пакети деб ҳисобланмайди;

янгидан ташкил этиладиган “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларининг устав капиталларини шакллантириш акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига қўшилаётган мулкнинг баланс қиймати бўйича амалга оширилади, кейинчалик мазкур мулкнинг баланс ва бозор қийматлари ўртасидаги тафовут уларнинг устав капиталларига киритилади;

“Ўзбекэнерго” АЖнинг амалдаги шартномалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан, “Ўзбекэнерго” АЖ “Энергосотиш” филиалининг электр энергияни харид қилиш ва сотиш билан боғлиқ дебитор ҳамда кредитор қарздорлиги, ушбу қарорнинг 15-бандида назарда тутилганларидан ташқари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфига ўтади.

10. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг “Қишлоқэнерголойиҳа” АЖ негизида инновацион технологиялар ва ҳозирги замон илм-фани ютуқларини қўллаган ҳолда 0,4 кВдан 500 кВгача кучланишли барча типдаги электр тармоқларини лойиҳалаштирадиган замонавий кўп тармоқли “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ лойиҳа ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Ўзэнергоинжиниринг” АЖни замонавий техника ва ҳисоблаш воситалари, аппарат дастурий маҳсулотлари билан қўшимча жиҳозлаш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг молиявий маблағлари, шу жумладан, грантлари ва қарз маблағлари жалб этилишини назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

11. Истисно тариқасида, 2021 йил 1 январга қадар:

“Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларига ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотларга – “Ўзбекэнерго” АЖ таркибидан чиқариладиган, шунингдек, унинг тузилмасига киритиладиган хўжалик юритувчи жамиятлар билан хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан;

иссиқлик электр станциялари ва электр марказларига – Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертизадан ўтказиш маркази” ДУКда экспертизадан ўтказилган техник топшириқларга мувофиқ таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун зарур эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни харид қилишга уларнинг максимал қиймати кўрсатилган ҳолда тайёрловчи корхоналар билан ҳар йили амал қилиш муддати бир календарь йилидан ошмайдиган муддатга тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Инвестициялар
ва ташқи савдо вазирлиги ва Жамғарманинг “Ўзбекэнерго” АЖнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун илгари назарда тутилган 318,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Жамғарма маблағларидан фойдаланишни лойиҳалар қийматини оптималлаштириш ҳамда уларни 6-иловага мувофиқ халқаро молия институтларидан жалб қилинадиган қарз маблағларига алмаштириш ҳисобига қисқартириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

13. “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари:

эмиссия қилинадиган қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатига олиш ва қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғимлар;

қайта ташкил этиладиган ташкилотларнинг топшириладиган автотранспорт воситаларини қайтадан рўйхатга олишда автотранспорт йиғимлари тўлашдан озод қилинсин.

14. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йил 1 июлдан бошлаб:

қуввати 10 МВтдан кўпроқ энергия истеъмол қиладиган саноат корхоналарини қуриш ва ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар республика ҳудудларида жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда фақат Энергетика вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади;

хусусий инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳисобига ташкил этилган мустақил ишлаб чиқарувчилардан электр энергияни харид қилиш танлов асосида (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган лойиҳалар бундан мустасно) ҳосил қилинаётган электр энергиянинг максимал қиймати кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.

15. Белгилаб қўйилсинки:

инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва айланма маблағларни тўлдириш учун “Ўзбекэнерго” АЖга берилган кредитлар ва қарзларни “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятларига ҳамда уларнинг таркибига кирувчи корхоналарга, шунингдек, “Ўзбеккўмир” АЖга қайта расмийлаштириш 7 ва 8-иловаларга мувофиқ амалга оширилади;

“Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг “Энергосотиш” филиалининг “Ўзбекэнерго” АЖ ҳамда 9 ва 10-иловаларга мувофиқ унинг таркибига кирувчи жамиятлар томонидан жалб этилган кредитлар бўйича кафилликлари белгиланган тартибда “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятларига қайта расмийлаштирилиши лозим;

“Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари “Ўзбекэнерго”АЖнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан, иссиқлик электр станциялари ва электр марказларида, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарида, “Ўзэлектртармоқ” УКда лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ҳамда 11-иловага мувофиқ, қайта ташкил этилган санада унинг молиявий ҳисоботида акс эттирилган активлари ҳамда мажбуриятларининг ҳуқуқий ворислари ҳисобланади.

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгаришларга мувофиқ:

тижорат банклари ва Жамғарма билан биргаликда “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб этилган кредит мажбуриятларининг янгидан ташкил этилаётган “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ҳамда уларнинг таркибига кирувчи корхоналарга қайтадан расмийлаштирилишини таъминласин;

“Ўзбекэнерго” АЖнинг мажбуриятлари бўйича илгари берилган давлат кафолатларига ўзгартиришлар киритсин.

17. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар республикада фойдаланилаётган электр энергетика объектлари учун ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – энергетика вазири А.С.Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2019 йил 27 март

 


Мақола муаллифи

Теглар

қарор электр энергияси Шавкат Мирзиёв

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг