Шавкат Мирзиёев Дубай амири билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида Дубай шаҳрида БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди.

Амирликларнинг энг йирик шаҳри Дубай инсоният илмий-техник тараққиётининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этган. Масалан, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси, деб эътироф этилаётган Palm Islands сунъий ороллари инсон қўли билан яратилган энг йирик архипелаг бўлиб, ўзининг миқёси ва кўркамлиги билан ҳайратга солади. Бу ерда муҳташам меҳмонхоналар жойлашган. Сайёрамиздаги энг баланд осмонўпар бино - Burj Khalifa эса 11 кўрсаткич бўйича Гиннес рекордлар китобига кирган.

Дубайда дунёдаги энг узун автоматлаштирилган метро тизими ва усти ёпиқ пиёдалар ўтиш йўлаги мавжуд. Саҳрода жойлашганига қарамай, шаҳарда жаҳоннинг энг йирик гуллар боғи барпо этилган. Бу ердаги пляжлар энг тоза деб тан олинган. Шаҳарга бил йилда ўртача салкам 16 миллион киши ташриф буюриши бежиз эмас. Дубай бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам кўплаб рекордларни забт этган.

Буларнинг барчаси очиқлик ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш сиёсати туфайлидир. Дубайнинг жадал ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўп жиҳатдан шаҳар ва амирлик ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг ғоялари кучли туртки бўлди.

Ўзбекистон ҳам дунёга очилмоқда. Мамлакат жадал ва изчил ривожланиш йўлидан бормоқда, бу жараёнда жаҳон тажрибасини ўрганиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан инновацион, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиш муҳим ўрин тутади.

Кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан “Заабил” саройида бўлиб ўтган учрашувининг асосий мавзуси бўлди.

БАА Вице-президенти, Бош вазири Ўзбекистон раҳбарини самимий қутлаб, кеча Абу-Дабида икки мамлакат ўртасида эришилган келишувлардан мамнун эканини таъкидлади. Дубай амири ўз тараққиётининг янги босқичига чиққан Ўзбекистон билан кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев меҳмондўстлик ва истиқболли қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари, жумладан, Дубай амирлиги билан дўстликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.

Ишонч руҳида ўтган суҳбатда қатор соҳаларда шериклик ва тажриба алмашишни кенгайтириш йўллари, турли даражаларда янги алоқалар ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралардан сўнг имзоланган ҳужжатлар билан алмашиш маросими бўлиб ўтди. Қўшма инвестицион компания ташкил этиш тўғрисида шартнома, Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий агрокластер ташкил этиш тўғрисида битимлар, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар шулар жумласидан.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Дубай Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг