Шавкат Мирзиёев “CIIE-2020” очилиш маросимида муҳим масалаларни тилга олди
Жамият
−
04 Ноябрь 2020
7798Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 4 ноябрь куни Шанхай шаҳрида “CIIE-2020” Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмасининг очилиш маросими иштирокчиларига видеоалоқа орқали мурожаат йўллади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари ўз нутқида ЭКСПОдек йирик тадбирнинг ўтказилаётгани Хитойнинг миллий иқтисодиётни тиклашда эришаётган муваффақиятларидан ҳамда кенг кўламли халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ниҳоятда зарур эканидан далолат беришини таъкидлади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти глобал инқироз шароитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларига тўхталиб ўтди.
“Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни либераллаштириш, ташқи савдо режими ва экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш, норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, “яшил йўлаклар”ни шакллантириш, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш, янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида изчил кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилди”, дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини кенгайтириш муҳим устувор йўналиш бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон минтақавий ва ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш учун кенг истиқболлар очиб бераётган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини фаол қўллаб-қувватлаётгани, Марказий Осиё, Буюк ипак йўли даврида бўлганидек, Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит йўлакларининг хабига айланиши мумкинлигига ишонч билдирилган.
Марказий ва Жанубий Осиё темир йўллари тизимларини боғлайдиган янги транспорт йўлакларини яратиш борасидаги ташаббус катта аҳамиятга эга экани, бу Евроосиё қитъасидаги қуруқлик транспорти тизимини туташтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
“Шу муносабат билан давлат раҳбари мамлакатимиз Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон янги мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳасини тезлаштириш тарафдори эканини қайд этди”, дейилади Президент Матбуот хизмати берган хабарда.
Бундан ташқари, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида “қуруқликдаги портлар”, логистика ва улгуржи-дистрибьюторлик марказларининг интеграциялашган тармоғини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш таклиф этилди.
Ушбу ташаббусларнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи шериклар ва халқаро ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланишига умид билдирилди.
Ўзбекистон саноат кооперациясини фаол ривожлантириш, биринчи навбатда, минерал-хомашё ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва экспорт бозорларига чиқиш учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма корхоналар ташкил этишга тайёр экани қайд этилди.
Шу мақсадда саноат кооперацияси бўйича қўшма дастур қабул қилиш ҳамда қўшма инвестиция фондлари, сармояларни кафолатлаш ва суғурталаш каби воситалар ёрдамида икки мамлакат бизнес вакилларини аниқ лойиҳаларни амалга оширишга рағбатлантириш таклиф этилди.
Давлат раҳбари маросим иштирокчилари эътиборини пандемия шароитида иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этганига қаратди.
Шу муносабат билан, Халқаро савдо, божхона расмийлаштируви, транспорт, таълим соҳаларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ғояси илгари сурилди.
Ўзбекистон Президенти пандемия оқибатида келиб чиққан глобал ижтимоий-иқтисодий инқирозни енгиб ўтиш учун икки томонлама ва минтақавий даражада янада яқин мувофиқлашув ва ҳамкорликка ўткир зарурат борлигини таъкидлади.
Ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, тиббий товарларга эҳтиёжларнинг ортиши, молиявий беқарорлик ва глобал етказиб бериш занжирларининг бузилиши шароитида ҳеч бир мамлакат якка ҳолда пандемиянинг салбий оқибатларини енгиб ўта олмаслиги алоҳида қайд этилди.
Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев кўргазма иштирокчилари фаолиятига муваффақиятлар тилади ҳамда ЭКСПО якунлари жаҳон савдосини тиклаш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнига қўшимча суръат бағишлашига ишонч билдирди.
Маълумотларга кўра, Сербия, Чили, ЖАР Президентлари, Испания ва Покистон ҳукуматлари, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам мурожаат йўллашган.
“Импорт маҳсулотлари учинчи Хитой халқаро кўргазмаси доирасида 5 ноябрь куни Шанхай шаҳрида Ўзбекистон-Хитой бизнес форумини ўтказиш режалаштирилган. Унда Хитойнинг йирик савдо ва инвестиция компанияларидан 150 нафарга яқин вакил иштирок этади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, форумда Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туризм салоҳияти намойиш этилади. Хусусан, Хитой ишбилармон доиралари нефть-газ, тўқимачилик, кимё, электротехника, металлургия, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш тармоқларида ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликнинг янги имкониятлари билан танишади.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистондаги қулай ишбилармонлик муҳити, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида бизнес юритиш, иқтисодиётнинг турли соҳаларини ривожлантиришда эришилган муваффақиятлар тўғрисида ҳам маълумот берилиши кўзда тутилган.