Шавкат Мирзиёев “Арқадағ”ни таваллуд куни билан табриклади
Жамият
−
12:41 1147 1 дақиқа
Бугун, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, қардош Туркманистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.
Ўз навбатида Халқ Маслаҳати Раиси Ўзбекистон етакчисига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломини етказган.
Билдирилишича, томонлар стратегик шерикликнинг бугунги ҳолатини юксак баҳолаган. Барча даражаларда яқин ва самарали алоқалар давом эттирилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатда ўсмоқда, саноат, энергетика, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Шовот-Тошовуз” савдо зонаси унумли фаолият юритмоқда.
Ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Яқинда Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг якунлари юксак баҳоланган.
Жорий йил октябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш доирасида минтақавий кун тартибини мувофиқлаштириш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.