Шавкат Мирзиёев Анқарада ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди (видео)

Жамият

−

image

Бугун, 29 октябрь куни амалий ташриф билан Анқара шаҳрига борган Президент Шавкат Мирзиёевни Туркиядаги ўзбекистонликлар самимий кутиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаёти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиққан. 

“Яна бир бор ватандошларимни кўриб турганимдан хурсандман. Қаерда бўлманглар, бир дақиқа ҳам вақтингизни беҳуда ўтказманглар. Доимо илмга, билим олишга, ўрганишга интилинглар. Бу жонажон Ватанимиз, буюк Ўзбекистонимиз келажагига қўшадиган ҳиссангиз бўлади”, дейди Президент.

Мулоқотда ёшларга қаратилаётган эътибор мамлакатнинг узоқ истиқболи билан боғлиқ экани таъкидланган. Давлат раҳбари улуғ аждодларнинг илмий мероси ва қадриятлари тикланаётганига тўхталиб, уларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётига кўмакдош бўлишига ишонч билдирган.

“Мен ватандошларимизни доимо соғиниб, эслаб юраман. Сизларнинг яхши яшашингиз, Ватанга қайтиб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўша олишингиз учун Ўзбекистонда барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Илм олиш, билим эгаллаш, уй-жойли бўлиш учун имкониятларни кенгайтиряпмиз”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев ва ўзбекистонликларга муваффақиятлар тилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида амалий ташриф билан Анқара шаҳрига боргани ҳақида хабар берилган эди. Шу кунларда Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити тадбирларида иштирок этади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг