Шавкат Мирзиёев АҚШ сенаторини қабул қилди
Жамият
−
25 Август 2023
3571Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни АҚШ Сенати Миллий хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гари Питерсни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қабул давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда амалий ҳамкорликни, энг аввало, икки мамлакатнинг парламентлараро мулоқоти доирасида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Ўзаро алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган. Икки томонлама савдо кўрсаткичлари ўсаётгани, АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокидаги муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаягани қайд этилди. Муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилаётгани айтилган.
Шунингдек, устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан АҚШ Президенти ташаббуси билан Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси тадбирлари доирасида ўтказиладиган “C5+1” форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатлари сенатори Гари Питерс Ўзбекистонга келгани ва Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.