Шароф Рашидов туманига янги ҳоким тайинланди. Эскиси пора билан ушланганди

Жамият

image

Бугун, 22 август куни Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди ва унда туманга янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Сессия ишида Асилбек Раҳмонович Ашуров номзоди вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев томонидан Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тавсия этди. Унинг номзоди депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Маълумот учун, Асилбек Ашуров 2022 йилдан буён Пахтакор тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 8 июль куни ҳибсга олинган эди. У ҳибсда бўлишига қарамасдан ҳоким номидан қарорлар чиқарилгани аниқланди. E-qaror платформасига шундай қарорлардан 5 таси жойлаштирилган.

Жумладан, халқ депутатлари туман кенгашининг 2025 йил 8 июлдаги қарори билан туман Ободонлаштириш бошқармасига 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман марказий кўчасини тартибга келтириш ва байроқлар сотиб олишга 42 млн сўм, тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолган том қисмини таъмирлаш учун шифер сотиб олишга 70 млн сўм ажратиш белгиланган. Ўша кунги яна бир қарор билан эса туман ҳокимлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 150 млн сўм ажратилган.

Шунингдек, 9 июлдаги қарорлар билан туманда ташкил қилинган оила ва хотин-қизлар бўлимлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 100 млн сўм, Тоқчилиқ маҳалласи Отчопар массивида сунъий қопламали мини футбол майдонини қуриш учун 200 млн сўм ва Қулписар маҳалласидаги маданият бўлимига қарашли бинони жорий таъмирлаш учун 400 млн сўм, туман ҳокимлиги моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, офис техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 255 млн сўм ажратиш белгиланган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси расмий муносабат билдириб, Шароф Рашидов тумани прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётганини маълум қилди. Тўпланган ҳужжатлар бўйича қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах Шароф Рашидов тумани янги ҳоким Улуғбек Мустафоев Асилбек Ашуров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг