Менга қўнғироқ қилиб, самолётни уриб туширишмоқчи бўлишганини айтишди – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Аввалроқ, 21 июн куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  йигирманчи ялпи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Мажлисда иштирок этаётган QALAMPIR.UZ мухбирининг маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 май куни Яқин Шарқда кечаётган нотинч ҳудудлардан, хусусан ИШИД исканжасидан Ватанга олиб келинган 156 нафар ўзбекистонлик аёллар ва болаларнинг қандай ортга қайтарилгани ҳақида гапириб берди. 

“Суриядан 156 кишини Ўзбекистонга қайтаришнинг ўзи бўлгани йўқ. Биз уларни катта азоб билан ортга қайтардик. Сурияга жўнатган самолётимизни йўлдан қайтаришди. Шахсан менга самолётдагилар қўғироқ қилиб, бизни уриб туширишмоқчи, нима қилайлик, дейишди. Кейин Озарбайжонга қўниш бўйича кўрсатма бердим.

У ердаги аёлларни махсус ҳудудга олиб келиш учун бешта автобус юборгандик. Фақат иккитаси ортга қайтди. Аёлларнинг кўпчилигини беришмади. 

Бу аёллар нима сабабдан Сурияга бориб қолган? Парламентдан бу мавзуда, улар билан ишлаш бўйича таклифлар кутгандим. Лекин ҳеч кимдан ҳеч қанақа гап чиққани йўқ”.

Маълумот ўрнида, Яқин Шарқ ҳудудидан қайтарилган ўзбекистонликларнинг 48 нафари аёл, 107 нафари болалар. Улар Сурия пойтахти Дамашқдан 800 км узоқликдаги Қамишли шаҳридаги “Ал-Хол” лагерида оғир аҳволда яшаб келган.

Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ, Ҳукумат қарори билан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов рахбарлигида Махсус комиссия ташкил этилди ва Махсус комиссия таркибига кирган барча масъул вазирлик ва идоралар мутасаддиларига аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.

Қайтарилганларга тегишли хизмат турларини кўрсатиш учун махсус комиссия таркибига Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Адлия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Республика маданият марказидан тегишли раҳбар ва ходимлар жалб қилинди.

Қуролли тўқнашувлар ҳудудидан қайтганларни ижтимоий реабилитация ҳамда соғломлаштириш мақсадида Тошкент вилоятида ҳудудидаги барча керакли шароитлар яратилган санаторийга жойлаштирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Сурия Ялпи мажлис Яқин шарқ

Баҳолаганлар

518

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made