Шаҳзода Гарри хотини Меганга суиқасд уюштирилишидан қўрқмоқда
Олам
−
27 Июль
4707Британия қироли Чарльз III нинг кенжа ўғли шаҳзода Гарри агар унинг рафиқаси, Сассекс герцогиняси Меган Маркл Буюк Британияга қайтиб келса, унга нисбатан суиқасд уюштирилишидан чўчимоқда. Бу ҳақда у ITV’га берган интервьюсида сўз очди.
Шаҳзоданинг айтишича, Британия таблоидлари америкалик актрисанинг салбий образини яратиши, бу руҳий жиҳатдан носоғлом одамни ҳам жиноят содир этишга ундаши мумкин.
Шаҳзода Гарри бир неча йилдан буён қироллик судларида Британия таблоидларига қарши уруш олиб бормоқда. Гарри ҳаттоки онаси малика Диананинг ўлимида бир қатор журналистлар ҳамда ОАВ нашрларини айблаган. 2023 йилнинг декабрь ойида Англия ва Уэлс Олий суди “Mirror Group Newspapers”ни қироллик оиласи, хусусан, шаҳзода ҳақида маълумот тўплашда ноқонуний методларни қўллаганини исботлади.
“Нима бўлишидан қатъи назар, нотўғри маълумотлар ҳамда таблоидлар мени чин дилдан ташвишга солади. Ва бу хотинимни мамлакатга қайтаришни истамаслигимнинг сабабларидан бири”, деган шаҳзода Гарри.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда Елизавета II вафот этганида исталмаган келин Меган Марклдан қиролича билан видолашишга келмаслик сўралган. Ўшанда шаҳзода Гарри отасининг илтимосига биноан қиролича билан хайрлашиш учун Шотландиянинг Балморал қасрига америкалик рафиқаси Меган Марклсиз ёлғиз ўзи келганди.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида Сассекс герцогиняси Меган Маркл Нигерияда “Виндзор” либосида кўриниш бергани учун иккиюзламачиликда айбланди. Герцогиня 2018 йилги “Виндзор” коллекциясидан жой олган, дизайнер Хайди Меррик томонидан зеб берилган либосини кийгани учун танқидга учраган. Меганнинг хейтерларига кўра, шаҳзода Гаррининг хотини қироллик ваколатларидан воз кечгани учун бундай кийимларни кия олмайди.
Netflix 2022 йилда шаҳзода Гарри ва Меган Маркл ҳақида ҳужжатли фильм олганди. Ушбу фильмдан шаҳзода Гарри ва Меган Марклнинг шахсий фотосуратлари, уларнинг тўй тантаналари, Меган ҳомиладор бўлган вақтда жуфтликнинг Африкага амалга оширган сафари намойиш этилади. Қолаверса, Буюк Британия Қироллик оиласи билан улар биргаликда ўтказган сўнгги оилавий тадбир ва уларнинг юқори лавозимни тарк этган кунлари ҳам ҳужжатли фильмдан ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳзода Гарри ва Меган Маркл иккинчи бор ота-она бўлгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси