Шаҳзода Гарри энди Букингем саройида қолмайди
Олам
−
15:24 1741 2 дақиқа
Энди Буюк Британия қироли Чарльз III нинг кенжа ўғли, Суссекс герцоги шаҳзода Гарри Лондонга ташрифи чоғида Букингем саройида қолмайди. Бу ҳақда “Тhe Sun” нашри хабар берди. https://www.thesun.co.uk/royals/39661575/king-harry-no-palace-stay/
Қайд этилишича, қирол аввалроқ Гарри, унинг рафиқаси Меган Маркл ҳамда фарзандларига Букингем саройидан тураржой таклиф қилган. Ушбу таклиф хавфсизлик чораларини ҳам ўз ичига олган. Бироқ сарой манбаларининг билдиришича, Шаҳзода Гарри таклифни белгиланган муддатда тасдиқламаган. Шундан сўнг унга берилган таклиф бекор қилинган. Хабарга кўра, Гарри дастлаб саройдаги тураржойни оиласи учун мақбул эмас деб ҳисоблаган ва ундан воз кечган.
Кейинчалик эса Меган ҳамда фарзандларисиз ёлғиз ўзи Букингем саройида қолиш истагини билдирган. Бироқ бу вақтда зарур тайёргарлик имкониятлари мавжуд бўлмагани сабабли унинг сўрови рад этилган. Шаҳзода Гаррининг матбуот котиби эса герцог тураржой таклифини қабул қилганидан кейин унинг бекор қилингани ҳафсалани пир қилувчи ҳолат бўлганини билдириб, нима сабабдан бундай қарор қабул қилингани ноаниқлигича қолаётганини айтган.
Маълумотларга кўра, Гарри ҳозирча Буюк Британияга ёлғиз келмоқда. Унинг рафиқаси Меган Маркл ҳамда фарзандлари Арчи ва Лилибет бу сафарда иштирок этмайди. Бунга аввалроқ Шаҳзода Гаррининг давлат ҳисобидан молиялаштириладиган хавфсизлик хизматини тиклаш бўйича суд даъвосини ютқазгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, қироллик оиласи вакиллари келгусида Гарри ва унинг оиласи Буюк Британияга ташриф буюрганида уларга қироллик қароргоҳидан тураржой ажратилиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Маълумот учун, 2020 йилда шаҳзода Гарри расман қироллик оиалси вакили вазифаларини бажаришдан воз кечган. Шундан сўнг Буюк Британия ҳукумати уни давлат ҳимоясидан маҳрум қилган. Гарри бунга қарши чиқиб, оиласи хавфсизлигини ўз ҳисобидан таъминлай олмаслигини айтган ва қироллик оиласи билан бўлган низолар туфайли хавфсизлик хавфлари борлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, айнан қироллик оиласининг босими остида ҳукумат ундан ҳимояни олиб ташлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Британия қироли Чарльз III нинг кенжа ўғли шаҳзода Гарри қироллик оиласи билан ярашишни истаётганини маълум қилганди.
Live
Барчаси