“Шаҳзод-Gold” 3,5 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Кеча, 17 март куни Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси ҳукми билан жамоатчиликка “Шаҳзод-Gold” номи билан танилган аралаш жанг санъатлари устаси Шаҳзод Узоқовга 3,5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Мазкур суд ҳукми ижтимоий тармоқларда турли талқинлар билан муҳокама қилинмоқда. Тошкент шаҳар судлари баёнотига кўра, 2025 йил 7 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг ҳукми билан Шахзод Узоқов (1999 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) ва Н.Қулдошев (2000 йилда Қашқадарё вилояти туғилган) безорилик (Жиноят кодекси 277-моддаси 3 қисмининг тегишли бандлари) жиноятини содир этишда айбдор деб топилиб, уларга уч ярим йилдан тўрт йилгача бўлган муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. 

Айбловга кўра, судланувчилар йўл талашиш ортидан ишда жабрланувчи деб топилган фуқаро билан жанжаллашиб куч ишлатган, шунингдек, уларни ажратишга уринган яна бир фуқарога ҳам қўл кўтариб, ҳар иккисига тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан яширинган. Айни жараёнда жабрланувчининг қимматбаҳо уяли телефон аппаратига ҳам шикаст етказилган.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан Шахзод Узоқовнинг ҳаракати Жиноят кодекси 277-моддаси (безорилик) 3-қисмининг “а,г” бандлари, Н.Қўлдошевнинг ҳаракати шу модданинг 3-қисми “г” банди билан тўғри квалификация қилинган, деб топган. Бироқ тайинланган жазо тури бўйича ҳукм билан келишмаган.

Судлов ҳайъати Шахзод Узоқов муқаддам икки марта, Н.Қўлдошев бир марта худди шу тоифадаги жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилганига эътибор қаратиб, биринчи инстанция суди томонидан ушбу турдаги жиноят характери ва жамоат учун хавфлилик даражаси етарлича инобатга олинмасдан, асоссиз равишда озодликни чеклаш жазоси тайинланган, деган хулосага келган.  

Судлов ҳайъатига кўра, судланувчиларнинг шахси ва улар томонидан содир этилган қилмишнинг хусусиятига алоҳида эътибор талаб этади. Яъниким, судланувчилар профессионал тарзда аралаш жанг санъати (ММА) билан шуғулланувчи, махсус жисмоний тайёргарликка ва жанг маҳоратига эга. Шундан келиб чиқиб, судлов ҳайъати бундай шахслар оддий фуқароларга нисбатан жисмоний устунликка эга бўлиб, ўз куч ва имкониятларидан фақат қонун доирасида, спорт қоидалари асосида фойдаланиши лозим эканига эътибор қаратган. 

“Спортчига хос интизом ва масъулият намуналарини кўрсатиш ўрнига, арзимас сабаб билан жанжал чиқариб, жабрланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини янада ошириши суд ҳужжатида алоҳида таъкид этилади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Жиноят кодексининг 8-моддасига кўра, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ҳамда шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ келиши шарт.

Шу ва шу каби қатор асосларга кўра, судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция суди ҳукми бекор қилиниб, судланувчиларга нисбатан уч ярим йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинланган ва улар суд залидан қамоққа олинган. Судланувчиларнинг қамоқда бўлган даври ва ўталган озодликдан чеклаш жазоси тайинланган жазодан чегириб ташланиши ҳукмда алоҳида белгиланган.

Ушбу баёнот ахборот характерида бўлиб, жиноят иши юзасидан Тошкент шаҳар суднинг якуний хулосаси ҳисобланмайди. 

Тарафлар Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


Мақола муаллифи

Теглар

безорилик ММА Шаҳзод-Gold Шаҳзод Узоқов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг