Шаҳрисабзда ҳоким ёрдамчиси 1 млрд сўмдан ортиқ кредит маблағларини талон-торож қилди

3-саҳифа

image

Қашқадарё вилоятида кредит маблағларини талон-торож қилган ҳоким ёрдамчиси ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Шаҳрисабз шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси Ф.А. мансаб мавқеидан фойдаланиб, тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати учун техникалар улгуржи савдосига ихтисослашган МЧЖ раҳбари Р.М. билан тил бириктириб, 2022-2023 йилларда наслли чорва моллари сотиб олиш, паррандачилик, асаларичилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш ва бошқа мақсадларда 14 нафар фуқаро номидан имтиёзли кредит олиш учун шартнома ва ҳисоб-фактура ҳужжатларига электрон рақамли имзо орқали сохта маълумотлар киритган ҳолда акциядорлик тижорат банкига тақдим этган. Натижада банк томонидан 440,3 млн сўм кредит маблағи ажратилган.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси бошқа МЧЖ раҳбари Х.С. билан ҳам келишиб, 25 нафар фуқаро номидан сохта маълумотлар тақдим этиш орқали АТБдан 733,3 млн сўм кредит маблағи ажратилишига эришган.

Шу тариқа, жами 1 млрд 173,6 млн сўм кредит маблағи талон-торож қилинган.

“Ҳозирда ҳоким ёрдамчиси, МЧЖ раҳбарлари ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167- ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда” дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳоким ёрдамчилари пора билан ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳоким ёрдамчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг