Шаҳноза Мирзиёева Диёра Келдиёрова билан учрашди
Спорт
−
31 Июль
81879Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Франция пойтахти Парижда Олимпиада чемпиони бўлган дзюдочи қиз Диёра Келдиёрова билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилди.
“Ёзги Олимпия ўйинларидаги оламшумул ғалабаси билан Диёра Келдиёровани ўзим ва оилам номидан қутладим. Ватандошларимиз уни бежиз Тўмарисга, Ойбарчинга ўхшатишаётгани йўқ. Чунки у нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида Олимпиада чемпиони бўлган илк дзюдочи аёл сифатида спорт тарихи саҳифаларидан жой олди”, дейди Мирзиёева.
Шунингдек, Мирзиёева Диёрага ўхшаган спортчилар келгусида жамиятдаги гендер ҳақсизликка қарши қаратилган бир қанча лойиҳаларнинг асосий юзи бўлишини билдирди.
“Парижда Ўзбекистон миллий олимпия терма жамоаси аъзолари билан ҳам суҳбатлашдик, масъулиятли баҳслар олдидан уларга муваффақият тиладик. Ўзаро учрашувимиз чоғида Диёра Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда оилаларда аёлларга нисбатан учрайдиган зўравонликка, жамиятдаги гендер ҳақсизликка қарши қаратилган бир қанча лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, шу лойиҳаларнинг юзи ва иштирокчиси бўлиш ҳақидаги таклифимни мамнуният билан қабул қилди”, дейди Мирзиёева.
Маълумот учун, Диёра Келдиёрова ҳозирча Париж Олимпиадасида Ўзбекистон ҳисобига медаль қўшиб қўйган ягона спортчи бўлиб турибди. Олимпиада баҳслари 11 августга қадар давом этади.