Шаҳар ҳокимлиги “Тошкент савдо маркази”даги можаро бўйича маълумот берди
Жамият
−
30 Апрель 2019
9174Кеча, 29 апрель куни “Тошкент савдо маркази” (собиқ Абу Сахий) ҳудудидаги юз берган “Гипермаркет”га яқин жойда савдо қилаётган сотувчилар орасида норозиликлар келиб чиқди.
Бугун, 30 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги сотувчилар орасида юзага келган норозиликни ўрганиб чиққанини маълум қилди.
“Гипермаркет” атрофида савдо нуқталари ташкил этилмаган бўлиб, кийим-кечаклар билан савдо қилувчи сотувчиларнинг айримлари маҳсулотларини ерга ёйиб, фаолият юритади.
Қайд этилишича, айни шу ҳудудда 2019 йилги кузги-қишки мавсумга тайёргарлик юзасидан ичимлик суви қувурларини янгилаш кўзда тутилгани боис, уларга “Чинни бозор” ва “Бек барака” савдо мажмуалари оралиғидаги ҳудудда тегишли рухсатнома асосида савдо қилиш таклиф этилган. Бу эса сотувчилар ўртасида тушунмовчиликка сабаб бўлган.
“Мазкур ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида сотувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада сув қувурларида амалга оширилиши режалаштирилган таъмирлаш-созлаш ишлари вақтинча тўхтатилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу сотувчиларнинг ҳар бири билан бозор маъмурияти ўртасида истисно тариқасида 2019 йил сентябрга қадар фаолият юритишларини таъминловчи шартномаларни имзолашга келишиб олинди. Бунинг учун эса сотувчилар солиқ идорасидан якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланишни кафолатловчи рухсатнома олишлари талаб этилади.
Қайд этилишича, юқоридаги тушунмовчилик ҳолатлари юзасидан томонлар ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб, зарур чоралар кўрилади.
LiveБарчаси