ШҲТ давлатлари ядро қуроли бўйича мажбуриятига содиқлигини тасдиқлади
Олам
−
04 Июль 2023
4683Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Жаҳон савдо ташкилотини инклюзив ислоҳ қилишга чақирди. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Ҳиндистон раислигида онлайн тарзда ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Нью-Деҳли декларациясида айтилди.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган қўшма декларацияда ташкилот Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилиш тарафдори эканини билдирган.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ташкилот бошқа давлатларга қарши қаратилган эмаслигини ва кенг ҳамкорликка очиқлигини тасдиқлаган. Шунингдек, ташкилот халқларнинг ўз тараққиёт йўлларини мустақил ва демократик танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш тарафдори эканини билдирган.
Шу билан бирга, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қатъий риоя қилишга чақиришини таъкидлаган.
ШҲТ етакчилари озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини устувор йўналишлар деб атаган. Ташкилот ёшларнинг террорчи гуруҳларга қўшилишига қарши курашишга чақирган ҳамда соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ҳамкорликни кучайтиришни режалаштираётгани маълум қилинган.
Саммит декларациясида ШҲТ мамлакатлари дунёда трансформацион ўзгаришлар юз бераётгани ва технологик тараққиётнинг янги даврига қадам қўяётгани, таҳдидлар тобора бузғунчи бўлиб бораётгани таъкидланган.
Шунингдек, ШҲТ терроризмга қарши кураш баҳонасида мамлакатларнинг ишларига аралашишга йўл қўйилмаслигини эълон қилган. Ташкилотга аъзо давлатлар радикал шахсларни реабилитация қилиш ва жамиятга реинтеграция қилиш дастурларини амалга оширишини билдирган.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари қуйидаги ҳужжатларни ҳам имзолаган:
• 2030 йилга қадар ШҲТ минтақасида иқтисодий ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида қарор;
• Эрон Ислом Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш тартиботини якунлаш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тўғрисида қарор;
• Беларусь Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолаш ҳақида қарор.
Шу билан бирга, иқтисодий ҳамкорлик ва рақамли трансформацияни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат қабул қилинган.
Тадбир сўнгида ШҲТга раислик Қозоғистон Республикасига ўтган. Иштирокчи давлатлар раҳбарлари 2024 йилни ШҲТ Экология йили деб эълон қилган.
LiveБарчаси