ШҲТ Давлат раҳбарлари 4 июль куни Эронни ташкилотга қабул қилишни режалаштирмоқда – Лавров
Олам
−
30 Июнь 2023
4765Эроннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлиқ миқёсда қабул қилиниши ва Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиш мажбурияти тўғрисидаги меморандумни имзолаши жорий йилнинг 4 июль куни ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашида ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ШҲТ Халқ дипломатияси миллий маркази тақдимотида сўз очди.
“4 июль куни бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Эроннинг тўлиқ аъзолиги расмийлаштирилади ва Беларусь томонидан мажбурият меморандуми имзоланади. Шу билан Эроннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш тартибини ҳам бошланади”, деган Россия ТИВ раҳбари.
Шунингдек, Лавров ташкилот янги мулоқот ҳамкорларини ҳам олқишлаётганига ишора қилган. Унинг айтишича, бундан буён ШҲТ макони ҳам янги аъзолар, ҳам мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар ҳисобга олиниб, Европа ва Яқин Шарқдан Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёгача чўзилади.
“Албатта, манфаатдор давлатларнинг қўшимча аризаларини кўриб чиқиш давом этмоқда”, дея хулоса қилган Россия Ташқи ишлар вазири.
Маълумот учун, ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Ҳозирда ташкилот саккизта давлатдан иборат: унинг асосчилари Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон, шунингдек, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон аъзо бўлган. 2023 йилда Ҳиндистон ШҲТга раислик қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ҳиндистон ТИВ ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви 4 июль куни виртуал форматда бўлиб ўтишини маълум қилган эди. 2022 йил 16 сентябрда Самарқанд шаҳрида Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш мақсадидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланганди. Жорий йилнинг март ойида эса Ўзбекистон Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиш бўйича сўровини маъқуллади.
LiveБарчаси