“Сезон” давом этади. ОТМга киритиб қўйишни ваъда берган фирибгарлар ушланди
3-саҳифа
−
24 Июль 2023
5380Бир нечта ҳудудларда олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда берган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот бўлими хабар берди.
Унда айтилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (ИЖҚКД) ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, уни Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 19 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур фуқаро ушбу пул маблағидан 16 минг АҚШ долларини Андижон давлат тиббиёт институтида декан ўринбосари лавозимида ишловчи шахсга бериши кераклиги маълум бўлиб, сўралган пулни олган вақтида у ҳам ушланган. Мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган ушбу олий ўқув юртининг ўқитувчиси ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Юқори Чирчиқ туманида яшовчи шахс 2 нафар фуқарони Чирчиқ давлат педагогика университетининг бошланғич таълим йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 12,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро давлат педагогика институти ходими 2 нафар фуқарони мазкур олий ўқув юртининг ҳарбий таълим факультетига ўқишга кириш учун бўладиган имтиҳонлардан ўтказиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 4 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Шу жумладан, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Гулистон туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик жинояти билан судланган шахс Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи фуқарони Гулистон давлат университетининг жисмоний тарбия йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 3 900 АҚШ доллари ва 1 млн 150 минг сўм олган вақтида ушланган.
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи, 1995 йилда Хоразм вилоятида туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, унинг ўғлини Қозоғистон Республикасидаги университетнинг 2-босқичини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириб, Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирининг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 600 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қашқадарёда ўқитувчи ва абитуриентларга “Миллий сертификат” олиб бериш учун 17 700 доллар сўраган шахслар қўлга олинган эди.