“Сезон” бошланди: Қашқадарёда “Миллий сертификат” учун 17 минг доллар олаётган шахслар ушланди
Жамият
−
18 Июль 2023
9301Қашқадарёда ўқитувчи ва абитуриентларга “Миллий сертификат” олиб бериш учун 17 700 доллар сўраган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят педагогларини янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ўқитувчиси Н.Ш. (муқаддам судланган) Д.Х. дан 20 нафар ўқитувчининг ойлик маошига устама қўшилишини таъминловчи ва 39 нафар абитуриентга олий ўқув юртига киришга имтиёз берувчи “Миллий сертификат” олиб бериш эвазига жами 17 700 доллар талаб қилиб, шундан 6 600 долларни аввалдан олган. Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, қолган 11 100 долларни олаётган "ҳамкорлар" ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Н.Ш.нинг кўрсатмасига биноан давом эттирилган тадбирда Қарши шаҳридаги “Т”. МФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Ш.Р. ҳам қалбаки “Миллий сертификат” тайёрлаб бериш эвазига Н.Ш.дан долларларни олиш жараёнида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
LiveБарчаси