Андижондаги аянчли ЙТҲ қурбонлари сони ортди
Жамият
−
14 Февраль 2020
11437Аввалроқ, Андижонда Nexia-3 ва “ЗИЛ-130” юк машиналари тўқнашувида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Йўл-транспорт ҳодисаси соат 21:00 ларда Андижон вилояти Андижон тумани ҳудудида содир бўлган. Асака туманида яшовчи Х.М. Nexia-3 русумли транспорт воситаси тезлигини меъёридан ошириб бошқариши оқибатида, шу йўналишда йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган 27 ёшли А.Н. бошқарувидаги “ЗИЛ-130” русумли юк автомашинасига урилган.
Натижада икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна икки нафари шифохонага олиб кетилганди.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, шифохонага олиб кетилган Nexia-3 автомобилининг йўловчилари кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.