Сеул баллистик ракета учирган Пхеньянни санкциялар билан жазолади
Олам
−
14 Июль 2023
3932Шимолий Корея томонидан жорий йилнинг 12 июль куни қитъалараро баллистик ракета учирилиши муносабати билан Жанубий Корея ҳукумати Пхеньянга нисбатан санкцияларни узайтирди. Бу ҳақда бугун, 14 июль куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Янги чекловлар рўйхатига тўрт киши ва учта ташкилот киртилган. Улар орасида КХДРнинг амалдаги ва собиқ юқори мартабали амалдорлари, жумладан, Корея халқ армияси бош сиёсий бюроси директори Чон Гён Тхэк ҳамда ташвиқот департаментининг собиқ директори Пак Кван Хо бор. Сеулнинг “қора рўйхат”и Kongo Aconde’нинг икки асосчисини ҳам четлаб ўтмаган.
Қайд этилишича, тилга олинган шахслар КХДР ракета-ядровий дастурини ишлаб чиқиш, уни молиялаштиришга ҳисса қўшиш ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши санкцияларини бузувчи тижорат фаолияти билан шуғулланишда айбланган.
Бундан ташқари, қурилиш бизнеси билан шуғилланувчи Kongo Aconde ва Chosun Baekho компанияларига ҳам санкциялар қўлланилган.
Маълумот учун, 2022 йил май ойида Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль қасамёд қабул қилганидан бери Сеул Пхеньянга қарши 10-марта санкциялар киритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июль куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилигида қаттиқ ёқилғи двигателига эга “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетаси синовдан ўтказилганди. Синовлар давомида ракета 1001 км масофани босиб ўтди ва Япония денгизига қулади. Максимал парвоз баландлиги 6648 километрни ташкил этди. Ракета ҳавода 74 дақиқа бўлди, бу КХДРда ишлаб чиқилган қитъалараро баллистик ракеталар учун энг узоқ парвоз бўйича рекорд ҳисобланади. Кеча, 13 июль куни Жакартада тўрт кунлик йиғилиши давом этаётган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) Ташқи ишлар вазирлари Шимолий Корея томонидан ракета учирилишидан хавотир билдирди ва Корея ярим оролининг ядросизланиши тарафдори эканини маълум қилди.