Сергелидан эксклюзив: портлаган омборда 5 нафар қоровул бўлган
Жамият
−
30 Сентябрь 2023
29531Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида жойлашган “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонанинг портлаши оқибатида 163 киши жароҳатланди. 2006 йилда туғилган Аброрхўжа Аббосхўжаев вафот этди.
Мана, уч кундирки, QALAMPIR.UZ жамоаси воқеа содир бўлган ҳудудда бўлиб турибди. Расмийлар воқеа гувоҳи бўлганлар ва жароҳатланганлар билан мулоқот қилмоқда. QALAMPIR.UZ’нинг эътибори ҳамон “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборда қолмоқда. Бизнингча, портлаш содир бўлган ҳудудда энг камида омборнинг иккита қоровули бўлган ва уларнинг аҳволи қандай. Агар портлаш омбордан катта узоқликдаги уйларга шунчалик таъсир қилиб, одам ўлишигача олиб келган бўлса, унда қоровулларнинг аҳволи қандай?
Ҳозирча бу саволларимизга бирорта расмий жавоб бергани йўқ.
QALAMPIR.UZ ўз манбалари орқали қўлга киритган маълумотларга қараганда, “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омбор ҳудудида ўша тунда 5 та қоровул фаолият олиб бораётган бўлган. Улар пайқаганида зудлик билан Ёнғин хавфсизлик хизматига хабар берган ва ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган.
“Қоровуллар олов ҳудуди кенгайиб, машиналарга ўтиб кетмаслиги учун анча ҳаракат қилган. Ҳатто, чопони билан алангани ўчиришга ҳаракат қилган. Портлаш содир бўлган вақтда, улар ҳудуднинг хавфсиз қисмида бўлиб, омон қолган”, дейди QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган манба.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Портлаш оқибатида ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза ромларига зарар етгани аниқланган.
Шунингдек, ҳудуддаги 24 та кўп қаватли уй ва 25 та ҳовлининг фасад, ойна-ром ва том қисми зарар кўрган.
LiveБарчаси