Сергелидаги портлашда қанча майдонга зарар етгани айтилди
Жамият
−
28 Сентябрь 2023 7733 2 дақиқа
Сергели туманидаги омборда содир бўлган ёнғинни бартараф этиш ишларига ФВВ ва бошқа тегишли ташкилотлардан жами 210 та техника ва 2000 дан ортиқ шахсий таркиб жалб қилинди. Дастлабки ўрганиш ишларига кўра 15 минг кв.м омборхона майдонида ёнғин ўчирилиб, 30 минг кв.м майдони сақлаб қолинди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
Вазирлик баёнотига кўра, ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 02:48 да ёнғинга етиб бориб, тезкор ҳаракатлар натижасида, соат 05:02 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 10:47 да батамом ўчирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида содир бўлган фавқулодда вазиятни ўрганиш, кўрилган талофатларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилган.
Ёнғин жойига, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Фуқаро муҳофазаси бошлиғи Абдулла Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Божхона бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи хизматларнинг раҳбарлари чиққан.
Воқеа жойида тегишли ташкилот ва хизматлар ҳамкорлигида тезкор Штаб ташкил этилган.
“Вазият тўлиқ назоратга олиниб, ҳозирда унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда. Содир бўлган ёнғин юзасидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари ва моддий зарар миқдорини аниқлаш ишлари Тошкент шаҳар Прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ҳамкорликда олиб борилмоқда”, дейилади расмий баёнотда.
Live
Барчаси