Сердар Бердимуҳамедов қатор амалдорларни ишдан бўшатди
Олам
−
11 Февраль 12427 2 дақиқа
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 7 февраль куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида ўзига бўйсунувчи амалдорларнинг ҳисоботларини тинглаб, бир қатор мансабдорларни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда “Туркменистан сегодня” хабар берди.
Қайд этилишича, республиканинг Иқтисодиёт ва молия вазири Сердар Жўраев 2024 йилда ўз идораси томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этган. У давлат бюджети ижроси, инвестициялар ўзлаштирилиши ва Миллий қишлоқ дастури амалга оширилиши ҳақида маълумот берган. Вазирнинг сўзларига кўра, давлатнинг асосий молиявий режаси даромадлар бўйича 105,9 фоиз, харажатлар бўйича эса 99,9 фоиз бажарилган.
Йиғилиш давомида Президент Жўраевни вазир лавозимидан бўшатиб, унинг ўрнига Маммедгули Астангуловни – ишдан олинган раҳбарнинг ўринбосари бўлиб ишлаган шахсни тайинлаган. Сердар Бердимуҳамедов кадрлар алмашинуви сабабларини очиқламаган.
Ҳукумат йиғилишида Бош вазирнинг маданият ва оммавий ахборот воситалари масалалари бўйича ўринбосари Маҳриджемал Маммедова ҳам чиқиш қилган. У Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган тадбирлар, ижодий танловлар натижалари, шунингдек, давлат раҳбари ва унинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов китоблари тақдимотлари ҳақида ҳисобот берган.
Ҳисоботни тинглаган Президент Маммедовани ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Баҳор Сайидовани тайинлаган. Сайидова бунга қадар Межлиснинг (парламент) Фан, таълим, маданият ва ёшлар сиёсати бўйича қўмитаси раиси лавозимида ишлаган. Бердимуҳамедов нега бу қарорни қабул қилганини изоҳлаб ўтирмаган.
Аҳал вилояти ҳокими Султонмурод Солтанмуродов ҳам лавозимидан озод қилинган. Унинг ўрнига Тойғули Нурмуродов ҳоким этиб тайинланган. Ушбу ўзгариш ҳам ҳеч қандай изоҳсиз, ўтган йилда амалга оширилган ишлар натижалари бўйича ҳисобот ортидан амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Мудофаа вазири лавозимида ўзгариш амалга ошириб, Бош прокурорни алмаштириш таклифини парламентнинг юқори палатасига тақдим этганди. Президент фармони ва ҳукумат қарори асосида Тожикистон Мудофаа вазирлиги раҳбарлигига Имомали Собирзода тайинланган. Ушбу лавозимдаги собиқ раҳбар Шерали Мирзо эса Давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича бош бошқарманинг бошлиғи лавозимига ўтказилган.
Live
Барчаси