Сентябрда қандай об-ҳаво бўлади?
Бу қизиқ
−
29 Август 13722 2 дақиқа
Ўзгидромет 2025 йилнинг сентябрь ойида қандай об-ҳаво бўлиши ҳақида тахминий прогнозларни эълон қилди.
Қайд этилишича, ойнинг биринчи ўн кунлигида қулай ҳарорат фонида асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
Кечалари ва эрта тонгда 15-20 даража бўлган ҳароратда тетиклантирувчи салқинлик сезилади, кундуз кунлари эса қуёш нурлари ҳавони 35 даражагача, айрим кунларда 37 даражагача иситади.
Кейинчалик сентябрь ойининг охиригача ҳарорат кечалари 15-20 дан 8-13 даражагача, кундуз кунлари 30-35 даражадан 20-25 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Сентябрь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5 даражага юқори бўлиши кутилмоқда.
Ойнинг иккинчи ярмида айрим кунларда (1-2 кун) қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Маълумот учун, Тошкентда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун сентябрь ойидаги энг юқори ҳарорат 2013 йил 25 сентябрда қайд этилган бўлиб, у 40 даражани ташкил этган. Сентябрь ойида кундузги ҳарорат 22-25 даражагача, баъзан эса ундан ҳам пастроқ бўлган даврлар ҳар йили ҳам кузатилмайди ва одатда у жуда қисқа муддатли бўлади. Айрим йилларда республика бўйича баъзи жойларида (энг чекка жанубий ҳудудлар ва Фарғона водийсидан ташқари) сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида ҳавода эрта кузги совуқ кузатилади. Энг совуқ (меъёрдан 2-3,5 даражага паст) сентябрь ойлари 1930 ва 1931 йилларда, сўнгги ўн йилликда эса 1992 ва 1994 йилларда қайд этилган.
Энг илиқ (меъёрдан 1,5-3,5 даражага юқори) сентябрь ойлари эса 2013, 2016, 2021, 2022 йилларда кузатилган.