Сенаторлар ўзлари маъқуллаган қонунни эслай олмади
Жамият
−
20 Ноябрь 2021
10447Жорий йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилиб, маъқуллаган эди. Бироқ орадан қарийб беш ой ўтганига қарамай бу қонун кучга киргани ёки Президент томонидан қайтарилгани ҳақида ОАВга ҳеч қандай маълумот берилмади.
Кеча, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлис якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида журналист сенаторларни давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ижроси масаласида саволга тутди.
“Давлат тили тўғрисидаги қонун янги таҳрирда Сенатга киритилмаган. Бунинг устида кимлардир ишлаётганидан хабаримиз бор. Лекин ҳали лойиҳа сифатида кўрилмаган. Қонунчилик палатасидан Сенатга кириб келмаган”, деди Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Наримон Умаров саволга жавобан.
Журналист сенаторга 16-ялпи мажлисда маъқулланган қонунни эслатишга уринганида Наримон Умаров қуйидаги жавобни бериш билан чекланди:
“Биз кеча-ю кундуз Сенатда ишлаймиз, сиз бир эсингизга келганида сенат билан гаплашасиз. Кирган бўлса, “Кирган”, деб айтар эдик. Кирмаганни “Кирмаган”, деб айтамиз. Бу масалани Қонунчилик палатасидан сўранг, бизда йўқ. Бор нарсани “Бор”, дейлик, йўқни “йўқ”. Кимдир сайлов олди жараёнида”Қонунга ўзгартириш қиламан”, деб юрибди. Бу ўзгариш эмас. Бу қонунга кириши керак, лойиҳа сифатида қабул қилиниши керак”.
Маълумот учун, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб, шу йилнинг 24 март куни қабул қилган эди. Шундан сўнг, қонун 26 июнь куни Сенатнинг 16-ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, маъқулланди. Бу ҳақда Сенатнинг расмий сайтида ҳам маълумот берилган.
Шу ўринда, Конституциянинг 84-моддасига биноан, Сенат маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун ўн кун ичида Президентга юборилади. Қонун Президент томонидан 30 кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.
LiveБарчаси