Сенаторлар айрим ҳудудларга солиқ имтиёзи бериш тўғрисдиаги қонунни маъқуллади

Жамият

image

Бугун, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонунда Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманлари, тоғли ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларда янгидан ташкил этилган, ушбу туманларда (ҳудудларда) давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини тўлашдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилиниши белгиланган.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти тоғли ҳудудлари ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида янгидан ташкил этилган, ушбу ҳудудларда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (бундан кластерлар мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши кўзда тутилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, имтиёзлар жорий қилиниши натижасида ушбу ҳудудларда 1400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари янгидан ташкил этилади ва улар ихтиёрида 13 млрд 400 млн сўм маблағ қолдирилади.

Бундан ташқари, 2020 йилда Сардоба сув омборида содир бўлган техноген ҳодиса оқибатида Сирдарё, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам вақтинчалик солиқ имтиёзлари киритилмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилояти Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган, рўйхати халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланадиган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулкка солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинмоқда.

Натижада 69 та балиқчилик, 41 та чорвачилик ва 5 та паррандачилик хўжаликлари ихтиёрида 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ қолиши ҳисоб-китоб қилинган.

Қонунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи меъёрлар ҳам киритилиши назарда тутилган.

Хусусан, товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб, улар нархларини сунъий ошириш ёки пасайтириш ҳолатлари ҳамда мажбурий равишда рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш қоидаларини ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан бузиш ҳолатлари бўйича жавобгарлик белгиланмоқда.

Солиқ Кодексига шаффофлик таъминлаш мақсадида солиқ назоратини амалга оширишга доир ҳаракатлар холислиги видеотасвирга олиш қурилмаларидан фойдаланиш воситасида амалга оширилиши, бундай имконият мавжуд бўлмаган тақдирда эса, холислар иштирокида амалга оширилиши тўғрисида тегишли меъёр киритилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунда бугунги кунда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг айрим ҳужжатларни қабул қилиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига ўтказилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, бюджетга тўловлар бўйича қарзи бўлган корхоналарга ўз вақтида инкасса топшириқномасини тақдим этмаслик ҳолатлари бўйича жарима қўллаш тартиби бекор қилинмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонунни маъқулладилар.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ Сенат

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг