Сенатор: “ДСҚ тайёрлаган қарорда Солиқ кодексида назарда тутилмаган меъёрлар киритилган”
Жамият
−
09 Апрель 2020
5112Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарор лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берган эдик. Лойиҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Иминов ушбу қарор лойиҳасига муносабатини билдирди. Унинг фикрича, мазкур лойиҳанинг айрим жиҳатлари мунозарали.
“Биламизки, Солиқ кодексининг 134-моддасида аниқ қилиб ёзилган, банк мижознинг банкдаги ҳисобварақлари ва омонатлари (депозитлари) мавжудлиги, уларнинг қолдиқлари, кўчирмалари, солиқ мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бошқа маълумотларни солиқ органининг сўровига биноан тақдим этиши керак.
Лекин муҳокамага қўйилган ҳужжатда бир ой давомида жисмоний шахсларнинг барча банк карталарига келиб тушган пул маблағлари айланмаси 30 млн. сўмдан (шу жумладан, чет эл валютаси миллий валюта эквивалентида бўлган тақдирда) ва транзакциялари сони 10 тадан ошган операциялари тўғрисидаги ахборотларни банклар солиқ идораларига тақдим этиши белгиланмоқда.
Солиқ кодексининг 134-моддасида жисмоний шахсларнинг банк карталарига келиб тушган пул маблағларининг айланмаси тўғрисидаги маълумотлар ўз ифодасини топмаган.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, муҳокамага қўйилган ҳужжатга Солиқ кодексида назарда тутилмаган меъёрлар киритилган”, дея фикр билдирди Одилжон Иминов.
Сенаторнинг таъкидлашича, кенг муҳокамага сабаб бўлаётган ҳужжатни Солиқ кодексига асосан қайта кўриб чиқиш лозим.
LiveБарчаси