Транспорт-логистика марказлари айрим солиқлардан озод қилинади
Local
−
12:29 317 1 minute
Ўзбекистонда 2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади. Бу ҳақда Президент жорий йилнинг 12 октябрь куни қабул қилган “Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
Ҳужжатга кўра, транспорт-логистика марказларида терминалларни бошқариш (TOS) ва омборни бошқариш (WMS) тизимлари жорий этилади ҳамда улар 2030 йил охиригача Транспорт вазирлигининг “E-logistika” платформасига уланади.
2040 йилгача транспорт-логистика марказлари ер солиғи ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади (бунинг учун марказ ЭСКАТО қуруқлик портлари тўғрисидаги битимга киритилган, тизимларни жорий этган ва “E-logistika” платформасида “BB” ва ундан юқори рейтингга эга бўлиши шарт).
Бундан ташқари, транспорт-логистика марказлари реестрига киритилган марказлар учун 2029 йил 1 августгача ишлаб чиқарилмайдиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар ва эхтиёт қисмлар божхона божидан ва мажбурий сертификатлашдан озод қилинади.
Қарорга кўра, 2027 йил 31 декабргача M₂, M₃, N тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентларни божхона божи тўлашсиз импорт қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жорий йил 1 ноябрдан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказганлик учун амалдаги божхона йиғими ставкаси 20 фоизга пасайтирилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
All