Сенатнинг иккинчи ялпи мажлиси куни аниқ бўлди
Жамият
−
19 Февраль 2020
4667Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси жорий йилнинг 28 февраль куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда кеча, 19 февраль куни Сенат Кенгашининг мажлисида қарор қабул қилинган.
Ялпи мажлисда Сенат аъзолари томонидан ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, маҳалла ва оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда муҳим масалалар муҳокама қилиш назарда тутилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидан.
Шунингдек, сенаторлар бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши, суд иш юритувига ахборот технологияларини жорий этиш давом эттирилиши ва низоларни судгача ҳал қилиш муддатлари мақбуллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонунларни кўриб чиқадилар.
Ялпи мажлисда “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конфренцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама этилади.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маданий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини қўллаб-қувватлашни давом эттириш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилади.
Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2019 йилда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти ҳақидаги ахборотларини эшитади.
Ялпи мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқадилар.
Шунингдек, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аввал юборилган парламент сўровлари натижаларини ҳам муҳокама қилиш назарда тутилмоқда.
Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг иккинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.
Кенгаш томонидан Сенат қўмиталарига ялпи мажлисда муҳокама учун масалаларни тайёрлашда ҳудудлар манфаатларини ҳисобга олиш, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни очиб бериш ва ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти органлари учун аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг биринчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 21 январь куни бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлаганди.
LiveБарчаси