Сенатда Омбудсман фаолияти танқид қилинди
Жамият
−
07 Апрель 2023
7705Бугун, 7 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, мажлисда Омбудсманнинг миллий комиссиялардаги фаолияти, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия фаолиятидаги иштироки кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Шунингдек, Омбудсман фаолиятида айрим камчиликлар сақланиб қолганлиги сенаторлар томонидан қайд этилган.
Жумладан, 2022 йилнинг 2-ярим йиллигида Ягона онлайн платформа орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш бўйича Омбудсман фаолияти нисбатан паст баҳоланган.
Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритилган таъсир чораларининг самарадорлиги пасайган.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйича тарғибот тадбирлари айрим вилоятларда ташкил этилмаган.
Омбудсман томонидан етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида 2022 йилда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 387 нафар бола оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилмагани, уй-жой берилиши режалаштирилган 25 нафар бола эса уй-жой билан таъминланмагани сенаторлар томонидан ҳақли равишда танқид қилинган.
Мажлисда Омбудсманга энг кўп мурожаат йўлланган ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилган ҳолда такрорий мурожаатларни камайтириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг тадбирлари натижадорлигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан таклифлар илгари сурилган.
Шу билан бирга, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган кичкинтойларнинг оилаларга ва болалар муассасаларига тўлиқ жойлаштирилиши устидан назорат ўрнатиш, оилаларга берилган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга яратилган шарт-шароитларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.
LiveБарчаси