Сенат Тошкентдаги маҳалладан бадбўй ҳид келиши сабабларини ўрганди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели тумани Ўзгариш маҳалласида узлуксиз ёқимсиз ҳид келаётгани ҳақидаги шикоятлар келиб тушаётгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан шу куннинг ўзида назоратга олиниб, дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилди.

Сенат Матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолатни ўрганиш натижаларига кўра, ҳақиқатда ўта кучли бўлган бадбўй ҳид Салар сув тозалаш иншооти  биринчи қувурининг кириш қисмидаги оқова сувлардан чиқаётгани маълум бўлган. Механик тозалашдан сўнг оқова сувлар очиқ лоток орқали 500 метр масофада биологик тозалаш иншоотига оқиб бориш жараёнида биологик тозалаш иншоотидан шамол эсган томонга бадбўй ҳидлар тарқалади. Бунинг оқибатида бадбўй ҳидлар шу атрофдаги аҳоли яшаш шароитига зарарли таъсир қилмоқда.

Маълум қилинишича, “Салар” тозалаш иншоотига 533 та корхонанинг ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувлари ташланади. Шулардан “Тошкент шаҳар сув таъминот” МЧЖ томонидан нохуш ҳидларнинг чиқишига сабаб бўлиб келаётган потенциал хавфли корхоналар рўйхати тақдим қилинган ва улар сони 18 тани ташкил қилган.

Жумладан, 5 та чарм саноати, 6 та тўқимачилик корхоналари ва бошқалар. Ушбу 18 та ишлаб чиқариш корхоналарида текширувлар амалга ошириш мақсадида, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишув асосида ўрганиш ишлари бошлаб юборилган. Ўрганиш натижалари бўйича носоз локал тозалаш иншоотлари аниқланган корхоналарда камчиликлар бартараф қилингунга қадар канализация тармоғидан узиб қўйиш чоралари кўрилади.

Мазкур корхоналарнинг локал тозалаш иншоотларида реконструкция ишларини амалга ошириш, шунингдек 5 та чарм саноат корхоналарни Тошкент шаҳар ҳудудидан ташқарига кўчиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси  тайёрланмоқда.

Ўрганиш натижалари юзасидан батафсил маълумот тақдим этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Сергели

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг