Сенат “снос” бўйича ҳокимларнинг “қўлини калталатадиган” қонунни қайтариши мумкин
Жамият
−
16 Март 2022
7479Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳокимларнинг ўзбошимча буз-бузларига чек қўйиш учун ишлаб чиқилган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунни қайтаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда парламентнинг Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ёзмоқда.
“Хавотирларимиз асосли бўлиб чиқмоқда: таркибида кўплаб ҳокимлар бўлган Сенат ҳокимларнинг ўзбошимчалигига чек қўядиган “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунни қайтармоқчи экан”, дейди Кушербоев.
Депутатга кўра, агар бу қонун кучга кирса ҳокимлар “снос” баҳонасида бизнес субъектларига ерларни бера олмай қолишади.
“Тўғри қонунда баъзи камчиликлар бўлиши мумкин, бироқ бу билан бутун бошли қонунни қайтариш нотўғри, деб ўйлаймиз. Ҳозирча асосли эътироз ҳам кўрмадик.
Биз бу қонунни қанча тез қабул қилсак антиконституцион ва давлатчилик ҳурматига путур етказаётган бир қатор лоббистик қарорлар, шу жумладан айрим ҳокимлар амал ҳам қилмайдиган ҳукуматнинг 911-сонли қарори бекор қилинишига эришамиз.
Фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ушбу адолатсиз қарордан тезроқ қутулишимиз керак”, дейди Кушербоев жон койитиб.
У сўзида давом этиб, сенаторларга мурожаат қилган ва Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи шу масалада ачинарли аҳволда эканини таъкидлаган.
“Сенаторлар эса унутмасин: Сенат аъзоси бўлган кўпгина ҳокимларнинг ўзбошимчалиги сабаб Ўзбекистон “Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик" рейтингида 139 та давлат ичида 138 ўринда турибди”, дейди қуйи палата вакили.
Кушербоев шунингдек, қонунни Сенат иштирокисиз ҳам Президентга юбориш мумкинлигини эслатиб қўйган.
“Дарвоқе, Сенат қонунни қайтарган тақдирда ҳам Қонунчилик палатасининг кўпчилик депутатлари қонунни қайта қабул қилса, уни Сенатга юбормай, тўғридан тўғри Президентга имзога юбориши мумкин. Балки шу ҳуқуқдан фойдаланиш вақти келгандир”, деган Расул Кушербоев.
Маълумот учун, жорий йилнинг 14 март куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси "Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонунни қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган.
LiveБарчаси