Сенат қўмиталари орган ходимларини обрўсизлантириш ҳақидаги қонун лойиҳасини ўрганяпти – Танзила Норбоева
Жамият
−
27 Январь
7676Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ички ишлар органлари ходимларининг фото ва видеоларини “обрўсизлантириш мақсадида” интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳозирда Сенат қўмиталари томонидан ўрганилаётганини айтиб ўтди. Бу ҳақда у BBC Ўзбек хизмати билан суҳбатда маълум қилди.
“Бу қонун тўғрисида турли фикрлар бўляпти. Очиқлик сиёсатининг устуворлиги сабаб эса, ҳар бир қонун қабул қилиш жараёни жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиняпти ва жамоатчиликнинг фикри алоҳида эътиборга олиняпти. Бу қонун Қонунчилик палатасида қабул қилинди. У ерда ҳам турли фикрлар билдирилди. Лекин кўпчилик овоз билан қонун кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди. Ҳозирги кунда ҳар бир қўмита томонидан қонун ўрганишга берилган. Ҳозирча фақат биргина қўмитанинг фикри билан танишдик, бошқа қўмиталар бу норма халқаро тажрибаларга ва олган халқаро мажбуриятларимизга зид ёки зид эмаслигини ўрганиб, ўзларининг хулосасини берганидан кейин Сенат кенгаши ўз фикрини билдиради ва мажлисда қарор қабул қилади. Якуний хулосани мен билдира олмайман, чунки қўмиталаримизда кўриб чиқиш жараёни давом этмоқда”, дейди Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси парламентнинг қуйи палатасида муҳокама қилинганда Дониёр Ғаниев, Умиджон Жабборов каби депутатлар унга қарши эканини билдиришига қарамай, у учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилганди.
11 январь куни ҳам Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида мазкур қонун муҳокама қилинганди. Ўшанда қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқлангани ва муайян чоралар белгилангани таъкидланганди.
Бироқ, кейинчалик, BBC Ўзбек хизмати Сенат эълон қилган мисолларни текшириб, ушбу маълумотларнинг ёлғон ёки ноаниқлигини аниқлади.
LiveБарчаси