ИИО ходимларини “обрўсизлантириш мақсадида” фото-видеога олиб тарқатганлар 15 суткагача қамалиши мумкин
Жамият
−
28 Ноябрь 2023
11726Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини обрўсизлантириш мақсадида иш фаолиятига оид фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди. Маъмарий жавобгарлик кодексига киритилаётган ушбу қўшимча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 28 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195-2-моддани киритишни таклиф қилмоқда. Унга кўра ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган.
Мажлисда депутат Дониёр Ғаниев ушбу моддага нисбатан эътироз билдириб, у бугунги кунда мамлакат раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик ва шаффофлик сиёсатига соя солишини айтди.
“Бу охирги йилларда муҳтарам Президентимиз олиб бораётган очиқлик-шаффофлик, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, жамоатчилик назорати бўлиши керак, деган эзгу сиёсатга зид, деб ҳисоблайман. Қолаверса, бу “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларимизга ҳам тўғридан-тўғри зид. Конституциямизда ҳам ахборот эркинлиги бор. Ана шуларни инобатга олиш керак.
Энг хавотирлиси шуки, бу норма эртага амалиётга кирадиган бўлса, баъзи ўз мансабини суиистеъмол қилувчи, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини камситувчи ходимлар ҳам йўқ эмас, улар эртага мана шу нормани суиистеъмол қилиб, бундан бошқа мақсадларда – фуқаролар ҳуқуқларини бузиш, уларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш учун ишлатишлари хавфи йўқ эмас. Биз бу ходимларнинг руҳиятини яхшилайди, деб ўйлаётгандирмиз. Йўқ! Бу акс натижа беради. Бугун биз Ички ишлар органлари ходимларини фуқароларнинг ҳақиқий суянчи, дўсти, унинг ҳимоячиси бўлган институтга айланишини хоҳлаймиз. Бу каби нормалар эса, Ички ишлар органларига нисбатан ҳурмат ўрнини қўрқув, ишонш ўрнини шубҳа, севги ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади. Шунинг учун бу нормада биз жуда ҳушёр бўлишимиз керак. Депутатларимиздан ҳам илтимос қилардимки, овоз бераётганда мана шу норманинг моҳиятини англаб етган ҳолда муносабат билдиринг”, дейди депутат Дониёр Ғаниев.
Дониёр Ғаниев ушбу масалада ёлғизланиб қолмади. Депутат Умиджон Жабборов ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ушбу қўшимчани бош-бошиданоқ ёқламаганини айтди.
“Қонуннинг концептуал муҳокамасида ҳам бу моддага мутлақо қарши эдим. Кеча ҳам муҳокамалар ўтди. Бугун ҳам модда устида яна ўйлаб кўрдим. Лекин битта савол бор: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар дейилганда беш-олтита струкрута борлигини биламиз. Қонуннинг номига эътибор берадиган бўлсак, йўл ҳаракати тизимини такомиллаштириш ҳақида гап кетяпти. Мантиқан, модданинг йўналиши буни қамраб олмаяпти. Гап бу ерда ҳуқуқнми муҳофаза қилувчи органлар ҳақида... Модданинг ичида йўл ҳаракати деган иборанинг ўзи йўқ. Майли, биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ичида йўл ҳаракатини тартибга солувчи қисм борлигини инобатга оламиз. Лекин савол туғиладики, талқинда бошқача тушунча бор: “хизмат вазифасини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида”.
Бу мақсадни қандай белгилаш мумкин? Тасвирга олаётган шахс судда ҳам “мен яхши мақсадда олаётган эдим”, дейиши мумкин.
Иккинчидан, умуман олганда, Президентимизнинг фармони бор (“2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги), жамоат хавфсизлиги концепцияси тасдиқланган. Айнан концепцияда шу масала бор эди, унинг ижроси ҳам бўлиб қолади. Унда ҳам худди шу масала қўйилган, лекин унда “ҳақоратлаш” деган масала йўқ, “обрўсизлантириш” турибди. Шундан келиб чиқиб, “ҳақорат қилиш” қисмини чиқариб ташлашни таклиф қиламан”, дейди депутат Умиджон Жабборов.
Спикер Нурдинжон Исмоилов қонун бўйича тушунтириш олиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновга сўз берди.
“Депутат Жабборовнинг таклифида жон бор. Ҳақиқатан ҳам ушбу модда бўйича жуда кўп эътирозлар бўлди фракцияларда. Қўмитамизга келиб ҳам эътирозлар билдиришди. Ҳақиқатан, айрим депутатларимиз айтганидек, очиқлик сиёсатига тўғри келмайдиган бундай таҳрирдаги нормани киритишимиз тўғри келмасди.
Авваламбор, лойиҳада “обрўсизлантириш мақсади” ҳақида дейиляпти, лекин бу билан нима назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган. Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими тасвирини шунчаки интернетга жойлаштириш тақиқланмаган қонунларда. Шунинг учун ҳуқуқбузарлик ҳаракатини аниқ кўрсатиш керак. Бунинг учун эса “обрўсизлантириш» деган сўзнинг тагида айнан қандай ҳаракат ётганини аниқлаштиришимиз керак.
Масалан, ЖК 192−моддасига эътибор қаратсак, “Рақобатчини обрўсизлантириш” деганда “ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар” кўрсатилган.
Бундан ташқари, лойиҳада “ҳақорат қилиш” ҳам назарда тутиляпти. Ваҳоланки, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Шунинг учун, 195−2-моддан ҳақорат ҳақидаги қисмини чиқариб ташлаган ҳолда янги таҳрирда баён этсак: “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни, уларни обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни интернет ахборот тармоғига жойлаштириш”.
Мана шу ҳаракатлар бўлса обрўсизлантириш бўлади”, дейди Ширинов.
Парламент қуйи палатаси раиси Исмоилов яна ушбу масалага тўхталаркан, фракциялар ушбу моддаси устида анчадан бери тортишаётганини айтди.
“Ҳар қандай одам тасвирга олиши мумкин. Ҳайдовчи бўладими, бошқа учинчи шахсми. Яъни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими билан оддий фуқаро ўртасидаги муносабатларда. Олаверсин. Керак бўлса ўзида сақлаб қўйсин.
Машиналарда видеорегистраторлар бор. Олаверсин, унда қолсин. Керак бўлса, судда ёки бошқа жойда ўз ҳақлигини исботлаш учун фойдалансин, керак бўладиган бўлса қаерга қўйса, қўяверсин. Лекин бундан ғараз мақсадда деймизми, идорани обрўсизлантирадиган ҳолатда, ёки ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни қўймасин. Ҳозир фотошоп кучайиб кетган, рангини ўзгартириб қўяди, формасини ўзгартириб қўйиши мумкин, кийимини ўзгартириб қўйиши, соқол қўйиб қўйиши мумкин, гаплар қўшиб қўйиши мумкин, гапирмаган гапларини, сунъий интеллектга ўхшаган нарсалар чиқяпти, овозини ўхшатиши мумкин. Шу тўғрисида гап кетяпти.
Тўғрисини айтганда, буни яна алоҳида тадқиқ қилиш керак. Лекин буларнинг айтаётгани ҳам тўғри, агар обрўсизлантириш учун бундан фойдаланадиган бўлса, албатта, жавобгарлик бўлиши керак”, дейди спикер.
Депутат Дониёр Ғаниев яна баҳс-мунозараларга аралашди ва агар ушбу қонун қабул қилингудек бўлса, бу ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари учун алоҳида имтиёз бўлиши, келгусида эса бошқа соҳа ходимларини обрўсизлантирганлик учун ҳам шундай модда ишлаб чиқишга тўри келишини қўшимча қилди.
“Ҳозир “ҳақорат қилиш” бошқа моддада борлиги учун чиқарилиб, таҳрир қилиниши айтилди. Аммо барибир савол қоляпти, “ёлғон ахборот орқали обрўсизлантириш” учун ҳам алоҳида модда бор, 202−2-моддамиз (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси/Ёлғон ахборот тарқатиш) бор. Ундаям шахснинг қадр-қимматини ёлғон ахборот тарқатиш орқали обрўсизлантиришга жавобгарлик бор.
Ҳозир биз битта моддани битта маълум касб эгаларига очадиган бўлсак, бу прецедент яратади. Эртага биз ҳар битта касб эгасига очиб чиқамизми? Шифокорни обрўсизлантиргани учун, педагогни обрўсизлантиргани учун...
Бу ерда умумий модда турибди-ку, ёлғон ахборот орқали обрўсизлантиряптими, жавобгарлик бор. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими бўладими, доктор бўладими, давлат хизматчиси бўладими, умуман давлат хизматига алоқаси йўқ одам бўладими, ўзи мавжуд норма билан бемалол жавобгарликка тортса бўлади. Бу бир.
Иккинчиси, берилаётган санкция ҳам жуда оғир бўляпти. Кўчадаги исталган шахсни, хоҳ давлат хизматчиси бўлсин, хоҳ давлат хизматчиси бўлмасин, уни ОАВ орқали обрўсизлантирсангиз, 50 баравар жарима тўлайсиз, агар у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими бўлса, 15 суткага қамалишингиз ҳам мумкин.
Қизиқ томони, ҳаттоки туҳмат қилсангиз ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилсангиз ҳам, қамоқ эмас, фақат жарима. Лекин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини обрўсизлантириш мақсадидаги видео тарқаб кетса 15 сутка, туҳмат қилгандан ҳам кўра оғирроқ жазо бўлиб қоляпти”, дейди Ғаниев.
Қонун қаршиликларга қарамай, учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.