“Сен русларнинг қулисан”. ТИВ ҳақоратли видео бўйича баёнот берди
Жамият
−
28 Август 45483 2 дақиқа
Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар давлат ҳимоясида. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлаётган видео ортидан ана шундай баёнот билан чиқди.
Маълумки, ҳафта бошида интернетда Россияда меҳнат мигранти таҳқирлангани, ҳақоратлангани акс этган видео тарқалди. Унда фуқаро мигрантни “сен русларнинг қулисан” дея ҳақорат қилган ва бир неча бор Ўзбекистон номини тилга олган. Шунга кўра, ҳақоратланган фуқаро ўзбекистонлик экани тахмин қилинди. Воқеа Москва вилоятининг Химки шаҳрида жойлашган “Солнечная система” номли тураржой мажмуасида содир бўлгани айтилди.
“Сен русларнинг қулисан” деган ўта таҳқирли жумла ҳозирча бу суҳбат бир миллатчи ва шовинистик руҳдаги рус ҳамда Ўзбекситондан борган меҳнат муҳожири ўртасида кечганига ишора қилмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ бўлгани боис, бу ерга келгансан” деб қайта-қайта айтилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳолатга нисбатан муносабат билдиргани йўқ. Кеча, 27 август куни икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари ўртасида кечган телефон суҳбатида эса Бахтиёр Саидов Сергей Лавровдан ушбу номақбул ҳолат учун изоҳ сўрамади ва бу QALAMPIR.UZ эътирозига сабаб бўлди.
Телефон суҳбати ва эътирозли мақола ортидан Ўзбекистон ташқи сиёсатига масъул идора баёнот билан чиқиб, Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳимояси остида эканини эслатди.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Конституцияси, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига асосан, Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасида бўлишидан қатъи назар давлат ҳимоясида эканини таъкидлайди.
Агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ёки қадр-қиммати хорижда бузилса, улар дарҳол қабул қилувчи давлатнинг ваколатли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишлари зарур. Шунингдек, фуқаролар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига ҳуқуқий ва консуллик ёрдами сўраб мурожаат қилиши мумкин”, дейди ТИВ.
Шунингдек, ТИВ фуқароларни хорижда ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканини ҳамда бу масъулият давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги мажбуриятлари асосида амалга оширилишини яна бир бор эслатиб ўтган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь