Семизлик авж олган Ўзбекистонда тўғри овқатланиш бўйича умуммиллий ҳаракат бошланади
Саломатлик
−
14 Февраль 2023
10149Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизида ортиқча вазн, 30 фоизида сурункали касалликлар бор. Шу боис мамлакатда "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади.
Бу ҳақда кеча, 13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги ижтимоий соҳаларга масъул раҳбарлар билан йиғилишда маълум қилинди.
Унда тиббиёт таълимига илғор хорижий тажрибани жорий қилиш, тизимни рақамлаштириш ва тиббий суғуртани йўлга қўйиш орқали хизмат сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, йиғилишда таълим ва тиббиёт сифати, илм-фан ва маданият ривожи, ёшлар ҳаёти каби соҳалардаги вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, 2023 йилдан бошлаб ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг энг устувор вазифаси бўлади.
Бундан ташқари, институт ва университетларнинг фаолияти ислоҳ қилиниб, малакали кадрлар тайёрлаш, илм билан ишлаб чиқариш интеграцияси кенгайтирилади.
Йиғилишда шунингдек, театр, мусиқа ва кино соҳаларини ривожлантириш, мақом ва бахшичиликни асраб-авайлаш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбек халқи маданияти ва табиат масканларини кенг тарғиб қилиб, туристларга шароитларни яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди.