Селена Гомес фирибгарликда айбланмоқда

Олам

image

Америкалик хонанда ва актриса Селена Гомес Wondermind Global руҳий саломатлик стартапи билан боғлиқ фирибгарликда айбланиб, инвесторлар томонидан судга берилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, даъвогарлар 2021 йилда ишга туширилган ва фойдаланувчиларнинг “руҳий чиниқиши”ни мустаҳкамлашга қаратилган Wondermind Global компаниясига қарийб 1,2 миллион доллар сармоя киритган. Суд ҳужжатларига кўра, уларга Гомес компаниянинг маркетинг бўлими раҳбари сифатида лойиҳани фаол ривожлантириши ва тарғиб қилиши айтилган.

Инвесторлар Селена Гомес ва компания раҳбарияти мобил илова яратиш каби ваъдаларни бажармаганини таъкидламоқда.

“Гомес гўёки ўз зиммасига мажбурият юкловчи шартномани имзолаган ва кейинчалик уни эътиборсиз қолдирган”, дейилади даъво аризасида.

Даъвогарларга кўра, компания ходимлар ҳамда етказиб берувчиларга ўз вақтида ҳақ тўлаш каби энг оддий мажбуриятларни ҳам бажармаган. Селена Гомес вакиллари ҳозирча ушбу даъволар юзасидан изоҳ бермаган. Инвесторлар эса киритган маблағларини ҳамда суд харажатларини ундиришни талаб қилмоқда.

Маълумот учун, Селена Гомес – америкалик хонанда, актриса ва тадбиркор. У Disney’нинг “Wizards of Waverly Place” (Уаверли плейс сеҳргарлари) сериалидаги роли орқали машҳурликка эришган. Гомес 2021 йилдан буён “Only Murders in the Building” (Бинода фақат қотилликлар) сериалида бош роллардан бирини ижро этиб келмоқда. Шунингдек, у Rare Beauty косметика бренди ҳамда Wondermind руҳий саломатлик платформасининг ҳаммуассиси ҳисобланади.

Wondermind Global – 2021 йилда Селена Гомес, унинг онаси Менди Тифи ҳамда тадбиркор Даниэлла Пирсон томонидан асос солинган руҳий саломатлик платформаси ҳисобланади. Компания ўзини “mental fitness” (руҳий чиниқиш) экотизими сифатида тақдим этади ва фойдаланувчиларга руҳий саломатлик бўйича мақолалар, суҳбатлар, подкастлар ҳамда амалий воситаларни таклиф қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик поп юлдузи Ариана Гранде эълон қилинмаган қўшиқлари, шахсий суратлари ва видеоларини ўғирлаб, интернетда сотганликда гумон қилинаётган хакерларга қарши судга мурожаат қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг