“Sea Breeze Uzbekistan” бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилади
Жамият
−
19 Январь 3288 2 дақиқа
Жорий йилнинг 23 январь куни соат 10:00 да Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида “Sea Breeze Uzbekistan” туристик мажмуаси қурилиши лойиҳаси бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Давлат экологик эскпертизаси маркази хабар берди.
Лойиҳа Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, Чорвоқ сув омборининг шарқий қирғоғи ҳудудида жойлашган бўлиб, туристик инфратузилмани барпо этишни назарда тутади.
Билдирилишича, мазкур жамоатчилик эшитувлари лойиҳаси доирасида:
- ҳудудни режалаштириш ва қурилиш ечимлари;
- атмосфера ҳавоси, сув ва тупроққа бўладиган таъсир;
- чиқиндиларни бошқариш;
- яшил ҳудудлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш;
- экологик хавфсизлик чоралари ва мониторинг масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
“Лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги экологик қонунчилиги талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазаларингизни жамоатчилик эшитувлари давомида ёки ёзма шаклда тақдим этишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Лойиҳа бўйича таклиф ва мурожаатларни қуйидаги рақамлар орқали юбориш мумкин:
- Ташкилий масалалар бўйича: Марс Хегай – (+998 90) 348-11-55
- ОАВ ва блогерлар билан ишлаш бўйича: Нигина Омонова – (+998 99) 315 10 05, Ўроз Абдураззоқов – (+998 90) 799-99-97.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 14 апрель куни oзарбайжонлик хонанда ва ишбилармон Эмин Агаларов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга “Чорвоқ” сувомбори бўйида қурилиши режалаштирилаётган “Sea Breeze Uzbekistan” халқаро туризм маркази лойиҳасини тақдим қилганди. Шундан сўнг туризм маркази бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганди. Унга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 гектар ер участкасининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги тасарруфига қайтарилган ва бўш турган ер участкаси сифатида ҳисобга олинган қисмлари “Agalarov Development” МЧЖ (Озарбайжон) иштирокидаги “Sea Breeze Uzbekistan” МЧЖга 25 йилга тўғридан тўғри ижарага берилади. У ерда 2025-2035 йилларда қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуаси барпо этилади.
Live
Барчаси