Сайлов натижаларидан норози мухолифат Тбилисида митингга чиқди
Олам
−
28 Октябрь
3498Грузия пойтахти Тбилисидаги парламент биноси олдида сайлов натижаларига қарши митинг бошланди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар берди.
Акция мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилининг чақириғи билан ташкил этилган. Намойишчилар қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари, шунингдек, баннерлар кўтармоқда. Намойишчилар Руставели хиёбонида тўпланиб, у бўйлаб машиналар ҳаракатини тўсиб қўйишди.
Хабар қилинишича, Грузия Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти парламент биносига махсус кучларни киритган. Парламент биноси олдида вазият тинч.
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили мамлакатдаги парламент сайловлари натижаларига қарши намойишчилар конституциявий тузумга тажовуз қилишни режалаштирмагани ва бундай режаларни қўллаб-қувватламаслигини айтди.
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ҳам ўз мурожаатида барчани митингга чақирди.
Аввалроқ Грузия Президенти Саломе Зурабишвили мамлакатда ўтказилган парламент сайловларини “ноқонуний” деб атаган эди. Давлат раҳбари фуқароларни норозилик намойишларига чиқишга чақирди.
“Бу сайловларни тан олиш мумкин эмас. Бу Россиянинг бу ерга келишини, Грузиянинг Россияга бўйсунишини тан олиш билан баробар. Сайловлар бутунлай сохталаштирилган ва мен мустақил институт сифатида уларни тан олмайман”, деди Зурабишвили.
Сиёсатчининг фикрича, сайловлар бутунлай сохталаштирилган.
Республика Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 53 фоиз овоз тўплаган, бу эса партияга ҳукуматни яккахон шакллантириш имконини беради. Ғарбпараст мухолифат иттифоқи эса 37,58 фоиз овоз олган. 5 фоизлик чегарадан ўтган мухолиф сиёсий кучлар янги парламентда ишлашдан бош тортди ва ички музокаралардан сўнг норозилик намойишларини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи Грузиядаги парламент сайловларида аниқланган қонунбузарликлар ва сайлов жараёнига даъво қилинган аралашишларни тергов қилишга чақирганди.
LiveБарчаси