Савдо уруши давом этади. Трамп Канададан келаётган пўлат ва алюминийга божларни 50 фоизга оширди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Канададан келаётган пўлат ва алюминийга божларни 25 фоиздан 50 фоизгача ошириш ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.

Маълум қилинишича, бу қарор Онтарионинг электр энергиясига 25 фоиз тарифлар киритишига жавобан қабул қилинган. Ушбу чора эртага, 12 март кунидан бошлаб кучга киради.

“Онтарионинг АҚШга кирадиган электр энергиясига 25 фоиз бож ўрнатганидан сўнг, мен Савдо вазиримга Канададан келаётган пўлат ва алюминийга бўлган божни 25 фоизга ошириб, 50 фоизга етказишни буюрдим”, дея ёзган у. 

Шунингдек, Трамп агар Оттава “номувофиқ тарифларни” бекор қилмаса, 2 апрелга қадар Канададан олиб кирилаётган автомобилларга божхона тўловларини ошириш билан таҳдид қилган. 

“Бу автомобилларни АҚШда осонликча ишлаб чиқариш мумкин!” дея эслатма сифатида айтиб ўтган АҚШ раҳбари. 

Трамп, шунингдек, Оттавадан АҚШга экспорт қилинадиган сут маҳсулотларига қўйилган 250-390 фоиз божларни ҳам дарҳол бекор қилишни талаб қилган.  

Бундан ташқари, АҚШ Президенти Канада “миллий хавфсизликка жуда оз маблағ сарфлаётгани” ва ўз навбатида, АҚШ бу мамлакатни йилига 200 миллиард долларга субсидиялаштираётганини таъкидлаган. 

У яна Канадани АҚШнинг “51-штатига” айланишни таклиф этган. 

“Бундай ҳолда барча божлар бекор қилинади ва солиқ даражалари сезиларли даражада камаяди. Шунингдек, Канада ҳар жиҳатдан, жумладан, ҳарбий хавфсизликда ҳам янада кучлироқ бўлади”, деган Трамп.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни АҚШ Канада, Хитой ва Мексика товарларига божхона йиғимлари жорий этилиши ҳақида эълон қилган эди. Канада ва Мексика товарларига 25 фоиз, Хитой товарларига эса 10 фоиз божхона йиғимлари жорий этилиши маълум қилинганди.

Бунга жавобан Канада ва Мексика қарши божхона йиғимлари киритилиши ва энергия ресурслари ҳамда муҳим материаллар билан боғлиқ чораларнинг қўлланилиши ҳақида эълон қилди. Хитой ҳам АҚШга қарши Жаҳон савдо ташкилотига мурожаат қилишга ваъда берди.

Кейинчалик Мексика ва Канада Трамп билан бир ойга, 3 мартга қадар божхона йиғимларини кечиктириш бўйича келишиб олишгани маълум бўлди.

Март ойида эса тарифлар кучга кирди. Бу сафар АҚШ Хитой товарларига 10 фоиз эмас, 20 фоизлик бож йиғими жорий қилди. Хитой эса Дональд Трампнинг бож тарифлари сиёсатига жавобан 10 мартдан бошлаб Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча 10-15 фоиз бож жорий қилади. Қўшимча 15 фоиз бож товуқ гўшти, буғдой, маккажўхори ва пахта маҳсулотларига татбиқ этилади. Сорго, соя дуккаги, чўчқа ва мол гўшти, балиқ маҳсулотлари, мева, сабзавот ҳамда сут маҳсулотларига эса 10 фоизлик бож жорий қилинади. Канада ҳам 155 миллиард Канада доллари миқдоридаги Америка товарларига 25 фоизлик бож жорий қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп пўлат ва алюминий Савдо уруши Онтарио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг