Саудияда кимларнинг “косаси оқармади?”
Спорт
−
01 Февраль
9300Саудия шайхлари трансферлар ойнасида юлдуз футболчиларни жалб қилиб, бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Роналду, Неймар, Бензема, Канте, Фирмино каби футболчилар фаолиятини мўмайгина шартномалар эвазига Осиёда давом эттирди. Етарлича футболчиларни олиб келган мамлакатнинг кейинги мақсади дунёга машҳур мураббийларни чемпионатга олиб келиш. Бу борада Стивен Жеррард, Нуну Эшпириту Санту, Славен Билич каби мураббийлар Саудия клубларини бошқарди.
Аммо ушбу мамлакатга келиб, омади келмаган бир қанча футболчи ва мураббийлар ишдан бўшатилди. Футболчилар орасида Хендерсон, Сан Максимин, Неймар кабилар узоғи бир мавсум Саудия Арабистони чемпионатида фаолият олиб борди. Мураббийлар орасида эса, Стивен Жеррард, Славен Билич, Нуну Эшпирито Санту, Руди Гарсия, Марсело Гальярдо каби мураббийлар Саудияда бир мавсум ҳам ишламай ишдан бўшатилди.
Стивен Жеррард
Англия футболи афсонаси Стивен Жеррард 2021 йилда “Астон Вилла”дан ишдан бўшатилди. 2023 йилнинг ёзида у Саудия чемпионати вакили “Ал-Иттифоқ” клубида иш бошлайди. Ўша мавсумда у жамоаси билан чемпионатда 6-ўринни эгаллади. Аммо 2024/25 йилги мавсумда мураббийнинг клуб билан қайд этган салбий натижалари сабаб, 2025 йилнинг январида ишдан бўшатилади. Жамоа Жеррард қўл остида чемпионатда жорий мавсум 18 турдан кейин 22 очко жамғариб, 10-ўринни қайд этди.
Славен Билич
Тажрибали хорватиялик мураббий 2018 йилда “Вест Хэм”да ишдан бўшатилган ва Саудия Про лигаси вакили “Ал-Итиҳод”да фаолият олиб борган. Бир неча ойлик фаолиятдан кейин у яна Европага қайтди ва “Вест Бромвич”, “Уотфорд”, “Бейжинг Гоан” клубларда ишлади. Билич 2023 йилнинг ёзида Саудия Арабистонига қайтиб, ўртамиёна клублардан бири “Ал-Фатеҳ”ни қабул қилди. 2024/25 йилги мавсумдаги қониқарсиз натижалари сабаб, у ишдан бўшатилди.
Нуну Эшпириту Санту
“Тоттенхэм”даги қисқа ва омадсиз фаолиятдан сўнг Нуну 2022/23 йилги мавсумда “Ал-Иттиҳод”ни қабул қилиб олди ва дебют мавсумдаёқ клуб билан мамлакат чемпионига айланди. Мураббий Саудия чемпионатига Роналду, Бензема, Неймар каби футболчилар келишидан олдин келганди. Таниқли футболчилар бўлмаганлиги сабаб, у “Ал-Иттиҳод” билан чемпион бўлди ва энг яқин таъқибчиси “Ал-Наср”дан 5 очко ўтиб кетди. Марокаш терма жамоаси футболчиси Абдулраззоқ Ҳамдалла ўша мавсумда 21 та гол билан чемпионат тўпурари бўлди.
Иккинчи мавсумида Бензема, Канте, Жота, Фабиньо каби футболчилар билан шартнома имзолаганига қарамай, Нуну 2023/24 йилги мавсумда бир неча ой давомида ёмон натижалар қайд этгани сабаб, ишдан бўшатилди. Боз устига жамоа сардори Карим Бензема билан ҳам жанжаллашиб қолди.
Руди Гарсия
“Лион”, “Марсель” ва “Рома” каби жамоаларда фаолият олиб борган мураббий 2022/23 йилги мавсумда “Ал-Наср”да ишлади. Мураббий клубда иш бошлаган йили Роналду кейин Брозович, Мане ва Льяпорт каби футболчилар жамоага олиб келинди. Гарсия Саудия Арабистони Суперкубогида “Ал-Иттиҳод”дан учралган мағлубият сабаб, ишдан бўшатилди. Айни дамга келиб, Руди Гарсия Бельгия миллий терма жамоаси мураббийи этиб тайинланган.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель