Саудия Арабистони туристларни қачондан қабул қилиши маълум бўлди 

Олам

image

Эртага, 1 августдан бошлаб, Саудия Арабистонида тасдиқланган ҳар қандай вакцина билан коронавирусга қарши икки марта эмланган туристик виза эгаларига мамлакатга ташриф буюришга яна рухсат берилади. Бу ҳақда мамлакат Туризм вазирлиги ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилган. 

“2021 йил 1 августдан бошлаб коронавирусга қарши эмланган туристик виза эгалари учун қиролликка киришга қўйилган чеклов олиб ташланади. Улар эмланганлик сертификатини тақдим этса, мажбурий карантиндан ўтиши шарт бўлмайди”, дейилган хабарда. 

Шунингдек, туристлар Саудия Арабистонига келишидан 72 соат олдин COVID-19 учун ПЗР текширувидан ўтиши кераклиги таъкидланган. 

Ҳозирги кунга қадар мамлакат расмийлари қиролликда фойдаланиш учун коронавирусга қарши тўртта вакцина — Moderna, Johnson & Johnson, AstraZeneca ва Pfizer/BioNTech’ни маъқуллаган. 

Маълумот ўрнида, Саудия Арабистони 2019 йил сентябрь ойида махсус туристик визаларини беришни бошлаган. Туризм вазирлиги маълумотларига кўра, олти ой ичида камида 400 мингта бундай виза берилган, лекин 2020 йил март ойида қиролликда коронавирус инфекцияси тарқалиши юқори бўлгани сабабли уларни бериш тўхтатилган. 

Охирги маълумотларга кўра, 34,2 миллион аҳолиси бўлган Саудия Арабистонида пандемия бошланганидан бери 523 397 та COVID-19 ҳолатлари қайд этилган, 8 212 бемор инфекция таъсиридан вафот этган. Ҳозирда қиролликда жами 11 358 киши даволанмоқда, улардан 1 395 нафарининг аҳволи оғир.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг