Саудия Арабистони дунёдаги энг катта бинони қуришни бошлади
Олам
−
02 Ноябрь
11979Саудия Арабистони “Мукааб” деб номланган дунёдаги энг катта бино лойиҳасини қуришни бошлади. Бу ҳақда “Medium” хабар берди.
Қайд этилишича, “Мукааб” арабча сўз бўлиб, куб маъносини англатади. Бу бино пойтахт Ар-Риёд шаҳрида жойлашган ва 400 метр баландликдаги улкан куб шаклида бўлади. Қурилиш якунлангач, у дунёдаги энг катта бино бўлиши кутилмоқда ва 2 миллион квадрат метр майдонга эга бўлади.
Маълумотларга кўра, ушбу улкан тураржой мажмуаси 100 000 та уй ва 9 000 та меҳмонхона хонасини ўз ичига олади. Лойиҳа ўзида савдо марказлари, офис мажмуалари, музейлар, театрлар ва паркларни бир жойда жамлаган ихчам шаҳар бўлиши кутилмоқда. “Мукааб”нинг барча объектлари пиёда 15 дақиқалик масофада жойлашади.
У замонавий голографик ва виртуал реаллик технологиялари каби хусусиятларга эга бўлади. Бино меҳмонларга ой юзасида сайр қилиш каби симуляцияларни тақдим этиши мумкин. Технологиянинг юқори даражасидаги бу бино келажак учун сайёҳлар томонидан қизиқарли ва кўнгилочар жой сифатида эътироф этилиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг қиймати тахминан 20 дан 47 миллиард АҚШ долларигача баҳоланмоқда. У Саудия Арабистони иқтисодиётига улкан ҳисса қўшиб, 330 000 та иш ўрнини яратиши мумкин. Саудия Арабистонининг Vision 2030 ташаббусига кўра, “Мукааб” инновация ва ривожланишнинг рамзи бўлади. Бу мўъжиза шаҳар ҳаётида янги трендларни белгилаб, архитектура ва технологиянинг жаҳон миқёсида янги даражасини намоён этади.
LiveБарчаси