Саудия Арабистони ҳусийларга қарши кенг кўламли ҳужум бошлаши мумкин
World
−
31 July 3388 2 minutes
Саудия Арабистони Яманнинг марказий ҳудудларига қуруқликдан ҳужум бошлаш ва Қизил денгизда амалиётни кучайтиришга тайёргарлик кўрмоқда. Бунга ҳусийларнинг Саудия нефть экспорт йўлларига босим ўтказаётгани сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Ар-Риёд Яманнинг шарқий ҳудудларида қўшинларини қайта жойлаштирмоқда. Бу марказий Ямандаги Ал-Байда вилояти йўналишида эҳтимолий қуруқликдаги ҳужумга тайёргарлик сифатида баҳоланмоқда. Мазкур ҳудуд 2020-2021 йилларда ҳусийлар назоратига ўтган.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони Қизил денгиз ва Боб ал-Мандаб бўғозида юк ташувчи кемаларни ҳусийлар ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида халқаро денгиз коалициясини тузишга ҳаракат қилмоқда.
Саудия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Туркия, Покистон, Миср, Судан ва Жибути каби давлатлар қаторида жами 14 мамлакат кўп миллатли денгиз мудофаа коалициясини қўллаб-қувватловчи қўшма баёнотни имзолаган. Ар-Риёд, шунингдек, АҚШ ҳамда Германия, Франция, Буюк Британия ва Италияни ҳам ушбу ташаббусга қўшилишга чақирган.
Жорий йилнинг 20 июль куни Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар Саудия кемаларига нисбатан блокада жорий этилганини эълон қилганди. Улар Саудия Арабистони Яманга нисбатан қўллаётган блокада бекор қилинмагунча чекловларни олиб ташламаслигини билдирган.
25 июль куни эса ҳусийлар Саудия Арабистонининг шарқий нефть конларини Қизил денгиздаги экспорт терминали билан боғловчи инфратузилмага зарба берганини маълум қилган. Бундан аввал эса Саудия авиацияси ҳусийлар назоратидаги Ҳудайда портидаги объектларга зарба берган ва Қизил денгизда яна бир Саудия тижорат кемаси ҳужумга учраган.
Қайд этилишича, агар Қизил денгиз орқали Саудия нефть экспорти ҳам тўхтаса, Ҳормуз бўғозидаги чекловлар фонида қиролликнинг нефть экспорт имкониятлари жиддий қисқариши мумкин. Айни пайтда Саудия нефтининг ярмидан кўпи қувурлар орқали Янбу портига етказилиб, у ердан экспорт қилинмоқда.
Шунингдек, Саудия Мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон АҚШ Президенти Дональд Трамп ва вице-президент Жей Ди Вэнс билан учрашиб, минтақадаги вазиятни муҳокама қилган.
Манбаларга кўра, Ар-Риёд ўз энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаган бўлса-да, Эрон билан тўғридан тўғри урушни кескинлаштириш тарафдори эмас.
Айни вақтда Уммон воситачилигида Эрон билан Ҳормуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини тиклаш бўйича музокаралар давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция жорий йилнинг 24 июль куни Яманнинг Ҳудайда вилоятидаги ҳусийларга тегишли ҳарбий объектларга зарба берганини, мазкур объектлар тижорат кемаларига таҳдид солиш учун қўлланилганини билдирган эди.
Live
All