Пивога алмашилган авлод

Таҳлил

“Пиво фестивали” расмий давлат тили билан айтганда “Салқин ичимликлар фестивали”. Бу номли тадбир ўтган йили 27-29 июнь кунлари ўтказилганди. Жорий йилда эса, 5-7 июнь кунлари бўлиб ўтди. Мазкур кўнгилочар шоу кўпчиликни норозилигига сабаб бўлган бўлса, яна бир гуруҳ кишилар бу фестивални қўллаб-қувватлади. QALAMPIR.UZ ҳам мазкур тадбирни ичкаридан ўрганишга ҳаракат қилди. Хўш, пойтахт марказида ташкил этилган бу тадбир ортида кимлар турибди? Унга қандай рухсат берилган? Нега пиво фестивали “салқин ичимликлар фестивали” сифатида тақдим этилмоқда? QALAMPIR.UZ ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида мавзуни атрофлича ўрганиб, масъул идоралардан изоҳ олди.

Жорий йилнинг 5-7 июнь кунлари пойтахтнинг энг марказий кўчаларидан бўлмиш Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган ушбу тадбир аслида пиво фестивали эмас, балки салқин ичимликлар базми экан. Ва бу тадбир туризмни ривожлантириш ҳамда сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ИИББ ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Миробод шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси ва ҳамкорлиги билан ташкил этилган.

Ҳокимликнинг билдиришича, мазкур базмни ташкил этилишида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бирор буйруғи ёки фармойиши ё қарори чиқмаган. Ва бу базм бир марталик воқеавий тадбир сифатида ташкил этилган. Ваҳоланки, юқорида айтиб ўтганимиздек, ўтган йили ҳам пиво фестивали худди шу июнь ойида дабдабали қилиб ўтказилганди. Ҳақиқатдан ҳам фестиваль туризм салоҳиятини ошириш мақсадида ташкил этилганми дея, Республика туризм қўмитасига савол билан мурожаат қилдик. Қўмитанинг “Миллий PR-маркази” мутахассиси Умарбек Эсанмуродовнинг сўзларига кўра, Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган ушбу тадбирдан Қўмитанинг хабари ҳам, алоқаси ҳам йўқ экан.

“Тарас Шевченко кўчасида ўтказилган фестиваль тўлиқ тадбиркорларнинг ташаббуси билан ташкил этилган. Туризм қўмитаси бу тадбирга ҳомийлик қилмаган. Маълумотларини суриштириб олдик. Тадбирда 18 ёшдан кичик ёшларга спиртли ичимлик сотилмаган. Қаттиқ назоратда бўлган”, дейди у.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги туризм бошқармаси бўлимининг Шоҳрух исмли ходимининг сўзларига кўра, ҳокимлик шунчаки ташкилий масалада ёрдам берган холос. Бу тадбирга ҳокимликнинг бошқа ҳеч қандай алоқаси йўқ экан.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг айтишича, ички ишлар фақатгина хавфсизликка жавоб берган ҳамда бу тадбирни улар ташкил этмаган.

“Мамлакатимиз ҳудудида ўтказиладиган барча тадбирлар, жумладан оммавий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида ташкил этилади ва ўтказилади. Мазкур тартиб тадбирларни қонуний, хавфсиз ва тартибли ўтказишни таъминлашга қаратилган”, дейди Ғиёсов.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг QALAMPIR.UZ’га билдиришича, 40 га яқин тадбиркор ва ресторан вакиллари биз шунақа фестиваль ўтказмоқчимиз, дея аввал ИИББга, кейин эса Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган. Ва шу асосида ушбу базмнинг ташкил қилинишига ёрдамлашилган.

“Фестиваль Тошкент шаҳрида гастрономик ва воқеавий туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Тадбир тегишли масъул ташкилотлар, жумладан ИИББ билан келишилган ҳолда ўтказилган. Фестивални маълум йиллар давомида ўтказиш бўйича алоҳида узоқ муддатли дастур ёки режа тасдиқланмаган.

Мазкур тадбир бир марталик воқеавий тадбир сифатида ташкил этилган. Жорий йилги фестивални ташкил этиш учун бюджет маблағлари ажратилмаган. Барча ташкилий харажатлар ҳомийлар ва ҳамкорлар маблағлари ҳисобидан қопланган. Фестиваль давомида пиво маҳсулотлари фақат 21 ёшдан ошган шахсларга сотилган. Сотилган пиво ҳажми бўйича аниқ маълумот бошқармада мавжуд эмас, чунки савдо тадбири унда иштирок этган тадбиркорлар томонидан мустақил амалга оширилган”, дейди ҳокимлик вакили.

Ҳокимлик вакилидан тадбир салқин ичимликлар базми дея эътироф этилиб, нега спиртли ичимликлар тоифасига кирувчи пиво маҳсулоти дарёдек оқизиб сотилганига изоҳ сўрадик. Пойтахт ҳокимлигининг ходими бўлса, фестиваль номи “Beer fest” бу фестивални номи “просто” дея гапни қисқа қила  қолди.

“Сабаби – бу салқин ичимлик ҳисобланади. “Beer fest” бу фестивални номи “просто”. Биринчи йилда ҳам “Ўзбекистон 24” (телевидениеси)да “Салқин ичимликлар” деб эфирга узатилган. Тадбиркорлар “ГУВД”дан рухсатни олгандан сўнг, ҳокимлик ташкилий масалада ток, тозалик бўйича ёрдам берган холос. Ҳаммаси туризмни ривожлантириш мақсадида қилинган (услубий жиҳатдан бироз таҳрирланди)” дейди ҳокимлик вакили.

Шундан сўнг, ИИББдан изоҳ олдик. Бошқарманинг билдиришича, тадбир юзасидан махсус комиссия тузилиб, базмнинг фақатгина хавфсизлигини таъминлаш бўйича хулоса берилган. Ва бу комиссия хулосаси бизга ошкор этилмади. Яъни ушбу ҳужжат хизмат доирасида фойдаланиш учун ёпиқ ахборот эканлиги маълум қилинди.

“Комиссиянинг рухсатномаси ХДФУ ҳужжат ҳисобланади. ОАВда ёритилмайди. Ҳатто бизгаям берилмайди у ҳужжат. Тошкент шаҳар ИИББдаги комиссия томонидан ўрганиб чиқилганидан сўнг рухсат берилган оммавий тадбир ўтказилишига” дейди ИИББ ахборот хизмати ходими Нилуфар Мадиева.

Журналистик суриштирув жараёнида гувоҳи бўлганингиздек, кўп нарса ойдинлашди. Бироқ, эътиборингизни бир жиҳатга қаратмоқчимиз, тадбирга борганимизда газли сув, оддий сув ҳам майли, боринг “Кола” ёки “Пепси”дек салқин ичимликларни тополмадик. Юрган қадамимиз пивонинг турлари билан тўлиб тошган спиртли ичимликлар эди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасида, иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади. Бу қоида пивога ҳам тегишли. Чунки 2012 йилдан бошлаб пиво алкоголли ичимликлар қаторига киритилган ва унга алкоголь маҳсулотларига оид чекловлар татбиқ этила бошланган.

Шунингдек, МЖтК 131-моддаси: ҳайдовчининг алкоголли ичимликдан маст ҳолда транспорт воситасини бошқариши: БҲМнинг 40 баравари миқдорида жарима; 3 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилишга сабаб бўлади. Бу ерда пиво, вино ёки ароқ ўртасида фарқ йўқ. Муҳими организмда алкоголь мавжудлиги ҳисобланади. Бунга ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов шундай жавоб берди.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасига кўра, иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Лекин, шу модданинг ўзида қуйидаги истиснолар кўрсатилган, яъни тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ўтказиладиган жойлар ҳамда алкоголь маҳсулотини қуйиб сотиш (реализация қилиш)га рухсат берилган савдо ва умумий овқатланиш объектларида рухсат этилган.

Агар тадбир ташкилотчиларига алкоголь маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилиш учун тегишли рухсатлар берилган бўлса ва тадбир ҳудуди қонунчилик нуқтаи назаридан алкоголь сотиш ва истеъмол қилишга рухсат этилган майдон сифатида расмийлаштирилган бўлса, тадбир иштирокчилари томонидан спиртли ичимлик истеъмол қилиши қонун бузилиши ҳисобланмайди. Аксинча, агар тадбир ўтказилаётган ҳудуд (майдон)га кирмайдиган хиёбон ёки кўчада ҳеч қандай махсус рухсатсиз спиртли ичимлик ичилса, бу МЖтКнинг 187-моддаси билан жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин”. 

Ўтган йили “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров Тошкентда пиво фестивалини ўтказган ва унга рухсат берган шахслар жазоланиши кераклигини айтганди. Қодиров шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар қандай алкоголли ичимликлар рекламаси, алкоголли ичимликлар номи, белгиси ёхуд тасвиридан фойдаланиладиган тадбирларда ҳомийлик қилиш тақиқланишини ҳам эслатиб ўтганди.

“Бу фестивални ўтказган ва ўтказишга рухсат берганлар жавобгарликка тортилиши керак”, деганди Қодиров

Бу мавзуда депутатдан яна фикрини сўраганимизда негадир жавоб беришни хоҳламади. 

Маълумот учун, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишда рағбатлантирувчи акциялар ёки шунга ўхшаш бошқа тадбирлар ўтказишга, маданий-кўнгилочар, оммавий ва спорт тадбирларига ҳомийлик қилишга йўл қўйилмайди.

Жамоатчиликнинг фаол вакилларидан бири, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маслаҳатчиси Расул Кушербоев бу тадбир ҳақида фикрини айтиб ўтди.

“Давлат идораларида тўғриси шунақа гуруҳ одамлар пайдо бўлганки, улар жамиятни маърифатдан узоқлаштириб, ахлоқсиз авлодни шакллантириш йўлида ҳаракат қилишяпти. Ушбу пиво фестивали шунинг бир белгиси. Айнан кайф-сафога берилиш, одамларни ҳушёрликдан узоқлаштиришга қаратилган тадбирлар қўллаб-қувватланяпти. Мана бу пиво фестивали ҳам шулардан биттаси.

Ундан ташқари биламиз, бир-икки йил олдин Наманганда, ҳаттоки Косонсойда бир ҳокимиятимиз, ҳокимимиз ташаббус қилиб, “ночной” (тунги) клуб ҳам очиб берганди ёшларга. Уни бошқача деб номлашди, лекин бу факт, ўша тунги клуб эди. Ўзбекистон ёшлари йиғилиб олиб, маишат қилиш керак эди, кайф-сафога берилиш керак эди, хуллас ва ҳоказо.
 
Нима қилиб бўлса ҳам юрсанг юравер, “лишь бы”, санлар ҳушёр бўлмаларинг, деган маъно келиб чиқяпти-да бунда. Нимага? Чунки ҳушёр одам савол қўяди, давлат идораларидан ҳаққини талаб қилади. Кўринишидан бизларга ҳушёр, ҳақ талаб қиладиган одамлар керак эмасга ўхшайди.

Мен яқин вақт ичида бу каби пиво фестиваллари турли хил “гей-парад”ларга уланиб кетса ҳам ажабланмайман. Шунга ҳам борамиз. Бу ёқда “гей-парад”ларни тадбирини қиламиз, ароқхўрларни, винохўрларни фестивалини қилишимиз мумкин, балки ундан ҳам баттар ахлоқсиз яна қанақадир фестивалларни қилишимиз мумкин. Балки, бундан ҳам баттар фестиваллар бўлиши мумкин”, дейди Кушербоев.

Яна бошқа шахсини ошкор қилишни истамаган жамоатчилик вакилларидан бири замон билан ҳамнафас бўлиш кераклигини, бу тадбирлар фақатгина Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишини билдирди.

“Нега интернетда бу тадбирни негатив айлантиряпти, мен тушунмадим. Биз диний давлат эмасмиз-ку, биз дунёвий демократик давлатмиз. Фестиваллар ўтказилиши, туристик объектлар, гастрономик кўчаларнинг ташкил этилиши туристлар оқимига ижобий таъсир қилади. Ўзбекистонни дунёга танитишнинг яна бир йўли туристлар оқимининг ошиши ҳисобланади аслида, бунчалик ваҳима қилманглар”, дейди у.

Маълумот ўрнида, мазкур салқин ичимликлар фестивалида 150 000 ташриф буюрувчи, 20 000 га яқин хорижий сайёҳ ва юзлаб иштирокчилар қатнашган. Бу тадбирлардан илҳомланиб Самарқанд шаҳрида ҳам кўпиклар кечаси ўтказилди. Фақат у оммавий тарзда эмас, балки ёпиқ ва махсус курортда ташкил этилган. Шу боис, базмни биз ҳам кенг муҳокама қилмасликка қарор қилдик. Ҳар не бўлганда ҳам туризмини ривожлантириш ишлари пойтахтдан ўрнак олиб бошқа шаҳар ва вилоятларда ҳам ташкил этилмоқда.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИББ Расул Кушербоев Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбир Пиво фестивали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг