“Санжик” ишида кутилмаган бурилиш: судга махсус флеш-карта берилди
3-саҳифа
−
15:01 9726 3 дақиқа
Кеча, 22 август куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилаётган “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган блогер Санжар Каримовга доир жиноят иши юзасидан суд тергови ва музокаралар якунига етиб, судланувчининг охирги сўзи эшитилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Қайд этилишича, судланувчи охирги сўзида иш учун муҳим аҳамиятга молик бўлиши мумкин бўлган янги далилни (флеш-хотира қурилмаси ҳамда ундаги маълумотларга оид стенограмма) судлов ҳайъатига тақдим қилган.
Шундан келиб чиқиб, судлов ҳайъати Жиноят-процессуал кодексининг 452-моддасига (суд терговини янгидан бошлаш) асосан, тақдим қилинган далилларни текшириш, улардаги маълумотларни ишдаги мавжуд бошқа далиллар билан ўзаро солиштириш ва ҳуқуқий баҳо бериш, шунингдек, адвокатларнинг суд музокараларида келтирган важларини қайтадан ўрганиш мақсадида суд терговни янгидан бошлашни лозим топди ҳамда тегишли суд ажрими чиқарилган.
Шу муносабат билан суд ишида танаффус эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Санжар Каримовга оид иш кўриб чиқилиб, у суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
У Жиноят кодексининг бир нечта моддалари – 112-модда (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 168-модда (фирибгарлик) 4-қисми, 273-модданинг (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисми билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар содир этишда айбланган.
“Real Sanjik” иши
Икки йил олдин “Real Sanjik” билан боғлиқ бошқа иш омма эътиборига тушган эди, яъни 2024 йилнинг август ойида 1997 йилда туғилган Ш.Р. (йигит) 1999 йилда туғилган Ш.А. (қиз)га уйланишини айтиб, унинг ишончига кирган, бироқ тўйдан аввал муаммолари борлиги учун унинг уйини гаровга қўйиб туришни, муаммолари ҳал бўлгач, унга уйланишини айтиб, алдов йўли билан уйни бошқа фуқарога, яъни блогер ва бизнесмен “Real Sanjik”га 240 минг долларга сотиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Р. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси кўрилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов жараёнида фуқаро Ш.Р. бошқа фуқароларга нисбатан ҳам бир нечта фирибгарлик ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.
2025 йилнинг 21 ноябрь куни мазкур иш бўйича суд жараёни якунланди. Унга кўра, Ш.Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Ҳолат жамоатчилик эътиборига тушгач, ушбу ҳовлининг харидори бўлган таниқли блогер ва тадбиркор “Real Sanjik” 240 минг долларлик уйни болалар уйига эҳсон қилишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эса, блогер тураржойни топширишга оид нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этмаганини маълум қилди.
Ушбу воқеалар фонида, 2025 йилнинг 28 ноябрь куни у Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибсга олингани маълум бўлди.
Live
Барчаси