Сангинов ОТБ билан 60 млн долларлик келишувни имзолади
Жамият
−
06 Сентябрь 2020
10261“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 25 йил муддатга 60,0 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланди. Ушбу маблағ “Барқарор гидроэнергетика” лойиҳаси доирасида Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш учун сарфланади. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳамкорлик доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Синтия Малвичени ўртасида лойиҳа келишувлари имзоланган.
Қайд этилишича, мазкур ГЭСлар қурилишига жалб этилган кредит маблағлари лойиҳалар доирасида Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида тендер савдолари асосида танлаб олинган бош пудратчи молиялаштирилади.
Хабарда маълум қилинишича, Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослануви “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 июлдаги “Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3857-сон қарорида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган.
“Умумий қиймати 60,0 млн АҚШ долларига тенг Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосномасига мувофиқ, қурилиш ва монтаж ишлари учун жалб қилинаётган кредитнинг 21,6 млн АҚШ доллари, машина ва ускуналари учун 23,6 млн АҚШ долларига тенг қисмидан фойдаланилади. Кредитнинг қолган маблағлари лойиҳани бошқариш ва салоҳиятини ошириш, лойиҳа олди харажатлари ҳамда юқори кучланиш тармоғи учун фойдаланилади”, дейилади расмий ахборотда.
Ушбу янги ГЭСларни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Янги ГЭСларнинг умумий ўрнатилган қуввати 24 МВтни ташкил этади: Рабат ГЭС – 6,2 МВт, Чаппасуй ГЭС–7,5 МВт, Тамшуш ГЭС–10,3 МВт.
Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 97.5 млн кВт/соат арзон ва экологик соф электроэнергия ишлаб чиқарилиши ҳамда янги ГЭСларда 40 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш, мамлакат энергетика балансида гидроэнергетика улушининг ўсиши ва ёқилғи ресурсларини тежаш, тобора ошиб бораётган электроэнергияга бўлган талабни қондириш имконини бериши урғуланмоқда.
Хабарда айтилишича, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ жорий йилда “лойиҳалар фабрикаси” бўйича дастлабки умумий қиймати 1,57 млрд долларга тенг, қуввати 907,5 МВт бўлган 23 та инвестиция лойиҳасини тайёрланмоқда. Шундан қиймати 1,37 млрд долларлик 14 та лойиҳа доирасида 637,25 МВт янги қувватлар яратилади ва қиймати 190 млн долларлик 9 та лойиҳа доирасида 270,3 МВт қувватлар модернизация қилинади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида, умумий қуввати 22,4 МВт бўлган Шаҳрихон ГЭСлар каскади Жанубий Фарғона канали ГЭС-2 ва Қодирия ГЭСлар каскади ГЭС-3 нинг модернизацияси лойиҳаларини якунлаб фойдаланишга топширилган.
Жамият йил якунига қадар қуввати 95,9 МВт га тенг қўшимча 4 та лойиҳани, яъни Қамчиқ ГЭС ва Зарчоб кичик ГЭСлар каскади ГЭС- 1 қурилиши ҳамда Тошкент ГЭСлар каскади ГЭС-9 ва Қуйи-Бўзсув ГЭСлар каскади ГЭС-14 модернизациясини якунлашга қаратилган ишлар амалга оширилаётганини маълум қилмоқда.
LiveБарчаси